Табиий газ аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, уларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида давлат томонидан етказиб бериладиган қимматбаҳо неъматдир. Уни беҳуда исроф этиш ёки ноқонуний фойдаланиш қонунларга зид ҳисобланади.
Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда “Қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Камар қишлоғида яшовчи Ё.Алимов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) ўз ҳовлисида газ ҳисоблагич ўрнатмасдан, 1 дона иситиш печидан ноқонуний равишда газдан фойдалангани аниқланди. Бу билан у давлатга 2 миллион 136 минг сўмлик зарар етказган экан.
Ушбу ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида, яъни 861200 сўм жарима жазоси тайинланди. Ҳуқуқбузар томонидан 5-сон туманлараро газ таъминоти участкаси етказилган зарар тўлиқ қопланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, электр энергияси ва табиий газ тўловларини ўз вақтида тўлаш, табиий неъматлардан оқилона ва қонунда белгиланган тартибда фойдаланиш нафақат оилалар фаровонлигини таъминлаш, балки мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими суриштирувчиси.