Туман марказидаги 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бўлими ҳамда бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан ҳамкорликда “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ўтказилди.
Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли ишсиз қатламини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
“Бўш иш ўринлари ярмаркаси”да туманда фаолият юритаётган 90 дан зиёд корхона ва ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари 323 та бўш ва 413 та квота иш ўринлари билан иштирок этди. Иш сўраб мурожаат қилувчиларнинг аксар қисмини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилган, Қуролли Кучлар сафидан заҳирага бўшатилган фуқаролар ташкил қилди.
- Ярмаркада иш сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 44 нафари (шундан 23 нафари хотин-қизлар) халқ хўжалигининг турли соҳалари бўйича ўзларига мақбул келадиган ишларга жойлаштирилди, - деди туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази бўлим бошлиғи Ш.Раббанаев. - Ишга жойлашганларнинг 1 нафари Қуролли Кучлар сафидан заҳирага бўшатилган ва 43 нафари ишсиз фуқаролар ҳамда олий таълим ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.
- Мен Тошкент давлат техника университетини тамомлаганман, - деди ярмарка иштирокчиларидан М.Ахмедов. – Ярмаркада ўз мутахассислигим бўйича туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига йўлланма олдим.
Тадбир доирасида ташкилотчилар ва соҳа мутахассислари томонидан меҳнат қонунчилиги борасида фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди, зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРМАРКАСИ
Тўлқин ХАЛИЛОВ.