1977 йил. Уч ойлик таътилдан сўнг қадрдон мактабимиз бағрига қадам қўйдик. Бир-биримизни соғинган синфдошларимиз билан таътил давомида нималар билан шуғулланганимиз ҳақидаги таассуротларимизни айтишга шошиламиз. Биз яна бир янгилик қизиқтирарди - бу йил фанлар бўйича қайси ўқитувчилар бизга дарс ўтади? Шу қизиқишлар билан ўтирганимизда синфдош ўртоқларимиздан бири “мактабимизга янги ўқитувчи келибди” деган гапни айтиб қолди. Табиийки, бундай хабар бизни ҳам бефарқ қолдирмади. Айниқса, унинг француз тили фани ўқитувчиси эканлиги қизиқишимизни янада орттирди. ¤ша пайтларда чет тилларни билиш иштиёқи жуда кучли эди. Интизорлик билан янги ўқитувчининг сабоқларини кута бошладик. Ниҳоят, биз кутган дақиқалар келди. ЈўнҚироқ чалиниб, синфга янги ўқитувчи кириб келди. Унинг сахти-сумбатига шаҳар маданиятининг нуқси уриб қолганди. Юзида эса табассум бор эди. У ҳар биримиз билан дўстона руҳда танишди. Янги ўқитувчининг исми Абдулмуталлаб Улашов экан.
Сўзлашиш оҳанги, ўзини тутиш маданияти, ўқувчиларга нисбатан меҳри туфайли тезда А.Улашов жамоа орасида ҳурмат-эътибор қозонади. Тинмай изланиш, меҳнатлари самараси ўлароқ устоз 1999 йилда Республика тест маркази томонидан ташкил этилган “Ижодкор ўқитувчи” танловида қатнашиб, 3-ўринга муносиб кўрилди. У кишининг ўқитган кўплаб ўқувчилари ҳам устоз изидан бориб француз тили фани бўйича олий таълим муассасаларида ўқиб келиб, республикамизнинг турли вилоятларида ўз фаолиятларини олиб бормоқда.
А.Улашов турмуш ўртоғи Зуҳра опа билан уч ўғил, икки қизни вояга етказди. Фарзандларининг ҳаммасини ўқитди. “От изини той босар” деганларидек устознинг ўғли Баҳодир Улашов ҳам француз тили мутахассислигини эгаллади. Ҳозирги кунда 68-умумтаълим мактабида ушбу фандан ўқувчиларга дарс бермоқда.
Баҳодир ҳам илмга чанқоқлиги, ўз устида тинмай меҳнат қилиши билан эл ичида, айниқса, ўқувчилари орасида ўзига яраша ҳурмат-эътиборга сазовор бўлмоқда. Баҳодир ота ўгитларини ҳаётий шиорига айлантириб, дарс жараёнларига нисбатан ўзгача ёндашмоқда. Бунинг самараси туфайли унинг дарс ишланмалари туман ва вилоят таълим муассасаларида оммалаштирилди. Шунингдек, унинг шогирдлари фан олимпиадаларининг туман, вилоят босқичларида ҳам муносиб иштирок этиб келмоқда. Баҳодирнинг саъй-ҳаракати билан 68-умумтаълим мактаби вилоятда француз тили фани бўйича таянч мактабга айлантирилди.
Баҳодир ҳар йили юртимизга Франциядан ташриф буюрадиган туристларни мўъжазгина Майинтепа қишлоғига ҳам олиб келишни канда қилмайди.
- Кейинги йилларда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар таҳсинга сазовор, - дейди Б.Улашов. - ¤қийман деганга мамлакатимизда барча имконият эшиклари очиб берилган. Бунинг учун юракда илмга нисбатан озгина учқун бўлса бас. Бундан ташқари, туризм соҳасининг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши мамлакатимизнинг, сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётида туб бурилиш ясади, балки таълим тизимига ҳам ўзгача руҳ олиб кирди. Мен ҳам имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳар йили баҳор ойларида қишлоғимизга франциядан ташриф буюрган меҳмонларни таклиф этаман. Бундан мақсад ўқувчи-ёшларни француз тили фани бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, ва албатта, азиз меҳмонларни қишлоғимизнинг сўлим табиати, меҳмондўст ва меҳнаткаш одамлари билан таништиришдир.
Илм йўлида қилинган машаққат ўз сўзини айтмай қолмади. Жонкуяр устоз Баҳодир Улашов жорий йил француз тили фани бўйича “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли биринчиликни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этди. Шунингдек, Баҳодир Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллик байрам тантаналари арафасида вилоят ҳокимининг қимматбаҳо эсдалик совғаси ҳамда фахрий ёрлиғига муносиб кўрилди. Бу ютуқларнинг ортида ота ўгитларининг ҳам ўрни беқиёс.
Тўлқин ХАЛИЛОВ,
“Истиқбол сари” газетаси мухбири.
Раҳматулла НУРМУРОДОВ,
68-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.