Туманимиздаги “Бозоржой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Фозилмонота тоғида бўй кўрсатиб турган, VII-X асрларга тегишли мўъжизавий арча дарахтларини шу ерда яшовчи аҳоли “Арчаота” зиёратгоҳи деб аташади. Ушбу арчалар маҳаллий аҳоли томонидан ниҳоятда қадрланади ва улар бу жойни муқаддас санашади. Ушбу табаррук гўша ҳақида бир нечта ривоятлар мавжуд. Улардан бирида келтирилишича, бир замонлар тўртта қаландарсифат кишилар сафар қилиб келиб шу жойда бир кеча тунаш, дам олиш учун асо (ҳасса)ларини ерга қадаб, чодир қуришган экан. Мўъжиза рўй бериб бир кеча-кундуз ичида асолар ниҳол олиб, кўкариб чиқибди. Кейинчалик бу асолар салобатли ва махобатли улкан тўртта арча дарахтига айланибди. Хайратланарлиси, бугун шу тоғда ушбу арчалардан бошқа бирор туп арчани учратмайсиз. Айни пайтда кекса ёшли бобо ва момоларнинг берган оғзаки манбалари асосида маълумот тўпланиб, “Арчаота” зиёратгоҳининг тарихи тўғрисида китоб нашрга тайёрланмоқда.
Айтишларича бир пайтлар “Арчаота” зиёратгоҳида масжид ҳам бўлган экан. Аммо табиат омиллари таъсирида у бузилиб кетган. Маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан масжид қисман тикланган, бироқ маблағ камлиги сабабли охиригача етказилмаган. Биз “Арчаота” зиёратгоҳи ҳақида бежиз фикр юритмаяпмиз. Боиси бу ердаги бир неча юз йиллик арчалар, ўзига хос табиат манзараси ҳар қандай кишининг эътиборини тортмасдан қолмайди. Бу эса шу ҳудудда Экотуризмни ривожлантириш имконини беради.
Айни пайтда маданий мерос объекти сифатида руйҳатга киритилмаган ушбу зиёратгоҳни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман кенгаши ишчи гуруҳи қўшимча объект сифатида руйҳатга олди. Ажабмаски, бу зиёратгоҳ ҳам юртимиздаги маданий мерос объектлари руйҳатига киритилиб, обод масканга айланади ҳамда сайёҳлар келиб томоша қиладиган, дам оладиган манзил бўлиб қолади.
Лайло АРИПОВА,
Ўзбекистон“Миллий тикланиш” демократик партияси туман кенгаши ижрочи котиби.