Қўшработ замини сўлим ва мусаффо табиати билан эл оғзида машҳур. Ҳар қандай муболағадан холи мазкур эътирофни азбаройи қоғоз қоралаш учун келтирмадим. Бу олис ва яқин сафарим бўйлаб қулоғимга чалинган, қалбга сиғмаган ҳайқириқлар изоҳи, холос.
Кўпинча ижодий фаолиятим юзасидан туманимиздан чекка ҳудудларга ҳам меҳмон бўлиб бориб қоламан. Мезбоннинг меҳмонга кўрсатадиган илк иззати олиму фузалолар диёрининг фарзанди эканлигим ҳусусидаги мақтови бўлса, кейинги алқов, албатта, Қўшработнинг баҳаво табиати ҳақида кетади. Бундай ҳангоматалаб давраларда кўпроқ, туман аҳолиси учун ҳали ҳам донғи чиқмаган, Жиловдор бобо зиёратгоҳи тилга олинади. Тўғриси, ўзим ҳам мазкур зиёратгоҳ қўним топган замин тупроғига анча кеч қадам ранжида қилдим. Ота юрт кенгликлари бўйлаб ястанган азиз қадамжо ҳусусида анча кейин билдим.
Жонбулоқ маҳалла фуқаролар йиҚинига қарашли Кўкқовға қишлоқ ҳудудида жойлашган Жиловдор бобо зиёратгоҳининг тўрт томонида азим тоғлар савлат тўкиб турибди. Табиатнинг тўрт фаслида ҳам инсон руҳиятига хуш ёқувчи ҳавосидан кўклам чечакларининг иси келади. Жуссасининг айлана диаметрига саккиз одам қулочи аранг етадиган пурвиқор толлар тагидан шифобахш булоқлар шарқираб бўй кўрсатади. Дарвоқе, бу булоқлар эл орасида шифобахшлиги билан ҳам танилган. Айтишларича, булоқ суви одам терисидаги турли ҳил тошма ва аллергик касалликларга даво экан. Бундай хушманзара ва сўлим табиатнинг шоҳиди бўлибоқ, ушбу маскан тарихи ҳусусида халқ ичида юрадиган муқаддас динимизнинг дастлабки даврларига дахлдор афсона ва ривоятларда ҳам жон борлигига ишонасиз.
Жиловдор бобо зиёратгоҳининг тарихига оид ёзма манба ҳали ҳануз фанга маълум эмас. Шу ерлик аҳолининг таъкидича, унинг туб илдизи Муҳаммад (с.а.в) пайғамбар яшаган даврлардан сув ичади. Жиловдор бобо (отларга қараш учун ёлланган аскар) Пайғамбаримизнинг энг севимли хизматкорларидан бўлиб, у халқни мусулмончиликка даъват этиш йўлида шаҳид бўлади. Унинг тарихи, зиёратгоҳ ҳудудига яқин Можрим, Синтоб шунингдек, Жиззах вилоятининг Кескан сингари жой номлари билан ҳам боғланади.
Шу ўринда бир афсусланадиган фикр туғилди. Бутун республикада, лозим бўлса, дунё илм-фан тараққиётида ўз ўрни ва аъмолига эга олимларимиз бу каби қадамжоларнинг тарихига нисбатан очилмаган қўриқ сингари муносабатда бўлаётган бир пайтда бу ердаги аҳволни кўриб, кўнглимиз хира тортди. Ахир ҳар қандай миллат тарихининг ойинайи кўзгусида ўша халқнинг ўзлиги ва эртанги кунга бўлган эътиқод ва ишончи акс этмайдими?
Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда ҳамма соҳалар сингари ички ва ташқи туризмни ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жойларда уларнинг амалдаги ижроси ҳам кўнгилдагидек кетмоқда. Бу ўринда туман ҳокимлиги мутасаддиларининг Жиловдор бобо зиёратгоҳи атрофини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш мақсадида 115 туп олма, 100 туп арча, 200 туп тут ҳамда 6 туп шафтоли дарахт кўчатларини умумхалқ ҳашари йўли билан ўтқазганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бироқ зиёратгоҳнинг юксак мақомдаги туристик салоҳиятини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларга давлат аҳамияти даражасида ечим топиш масаласида қилинган бу ишлар денгиздан бир томчи бўлиб қолмоқда.
- Қадамжо йўлининг ўйдим-чуқурлиги бу ерга ташриф буюрувчи зиёратчиларга ноқулайликлар туғдириб келмоқда, - дейди зиёратгоҳ қаровчиси О.Ўрозбоқов. – Маҳалла фаоллари билан бир неча йиллардан буён мазкур муаммони бартараф этиш бўйича бир қатор юқори ташкилотларга мурожаат қилиб келамиз. Бироқ ҳали ҳам ижобий жавоб олмадик. Ҳар нави савобталаб инсонларнинг кўмаги билан йўлнинг у ёки бу дарз кетган жойларини ямагандек бўламиз. Лекин ёғин-сочин кунларида йўлимиз яна аввалги қиёфасига киради.
Ҳақ йўлида қилинган зиёрат ва албатта бундай масканларни обод қилиш инсон руҳиятига маънавий озуқа беради. Қалбни шайтоний ҳислардан тозалайди. Сиз бу ҳақида исталган диний манбага мурожаат қилишингиз мумкин. Муҳими ниятнинг холислиги. Келгусида туманимизнинг ҳам туристик салоҳиятини янада ошириш мақсадида Жиловдор бобо зиёратгоҳидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишни фақат туман миқёсида эмас, балки давлат аҳамиятига молик даражада кўрилишини ҳам кутиб қоламиз. Назаримизда бу шундай қилишга арзийдиган жой. Бунга эришмоқ учун эса, туманимиз мутасаддиларидан ҳаракат қилиш тақозо этилади, албатта.
Тўлқин ҲАЛИЛОВ,
“Истиқбол сари” газетаси мухбири.