Табиат муҳофазаси глобал масала. У ҳаётнинг қадрига етувчи кишиларни барча замонларда ҳам бефарқ қолдирмаган. Инсон зурриёдининг бардавомлиги учун қайғурган кўпгина алломалар, мутафаккирлар табиатнинг гуллаб-яшнаши, сув ва ҳавонинг мусаффолиги учун курашганлар.
Шу ўринда поклик, ҳаёт рамзи сув ҳақида фикрлашиш, мулоҳаза юритишни ўринли деб ўйлайман. Чунки сув - ҳаёт манбаи. Усиз ҳаёт йўқ. Фаслнинг ҳар қайси пайти сув асқотади. Тўғрироғи, баҳор, ёз вақтида унинг қадри беқиёс. Оддийгина гулдондаги гул сув билан яшнаб туради. Чанқоғингизга тоза сув роҳат бағишлайди. Экин-тикинингизга сув ҳаёт бўлиб кириб келади, ризқ беришда қувват улашади. Покланишда ҳам сув асқотади. Хуллас, инсон умрига умр бахш этишда, тозаланиб, оқ юриб, туришида сув жуда зарур. Буни ҳамма билади.
Яқинда биз ижодий гуруҳимиз билан туманимиздаги Пичотсой бўйида жойлашган кўл бўйида айланиб, куз фаслининг нақадар чиройли фасл эканлиги, дарахтларнинг барглари сариқ рангга кириб, олтиндай товланаётганлигига маҳлиё бўлиб юрганимизда нохуш манзарага дуч келдик. Шундоққина кўл бўйида, янаям тўғрироғи мана шу кўлни сув билан таъминлаб турадиган булоқ бўйига аҳоли томонидан ахлат тўкилганининг гувоҳи бўлдик. Таъбимиз бироз хиралашди. Кўлнинг бўйи, ҳатто ичига ҳам ҳар хил пластик идишлар, клеёнкалар, ҳаттоки болалар тагликлари ташланган.
Кўлнинг ёнидаги Пичотсой мавжланиб оқмоқда. Унинг қушлар каби “сайраб” оқиб турганлигини кўриб кўнглингиз қувнайди. Лекин, афсус унинг ҳам атрофларига аҳоли томонидан ахлат тўкиб ташланган. Ҳаттоки, ўлган итнинг жасади шундоққина сувнинг ёқасида ётганига нима дейсиз.
Баъзида айрим ёши улуғ, эл олдида обрў-эътиборли шахсларнинг маънавиятсизлигидан ранжийсиз. Нима учун улар ювинди, ахлат чиқиндиларини шундоқ сойга, ариққа ташлайдилар. Албатта, ўзлари эмас, уларнинг фарзандлари, набиралари, келинлари. Буни кўриб, "ёш-да" дейсизми? Катталар қаерга қараяпти? Нега улар ёшларга сув ҳаёт, поклик рамзи эканлигини уқтирмаяптилар? Тўғри йўлни кўрсатмаяптилар? Ёки улар кўриб, ўзларини кўрмасликка оляптиларми? Ёки сўзи ўтмаяптими? Бу гуноҳку! Сувнинг уволи тутади-ку!
Ифлосланган сув турли юқумли касалликларни келтириб чиқаради. Бу касаллик бугун бўлмаса, эртага унинг ўзига ҳам ёки болаларига юқиши, дард тортиши мумкинку! Наҳотки, оддий ҳақиқатни англаш мушкул бўлса?!
Кези келганда айтиб ўтай. Ўамма эмас, айрим инсонлар кошона, барча шарт-шароитли уйлар қуриб, ювиндихонаси, ҳожатхонаси, ҳатто ҳаммоми тарновини ҳам сойга туташтириб оляптилар. Бу инсофданмикан? Сувни ифлослантирган кишининг рўзғорига барака кирармикан? Бу ҳақда ўйлаганмисиз? Ахир бу сув қаерларга оқиб бормайди, кимлардир бу номаъқулчилигингизни билмай, шу сувдан фойдаланади, буни биласизми?
Гапнинг тўғриси, баъзан челак-челак ювинди ахлатларни тунда сувга отиб оқизаётганлар ҳам бор. Биров кўрмайди, деб ўйлашади-да. Билиб туриб гуноҳ қилиш ёмон, бунинг жазоси бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бор эканлигини билишармикан? Нимани хор қилсанг, ўзинг шунга зор бўласан, деган гап бежиз эмас.
Наҳотки кўл атрофида яшовчи аҳоли она-табиатга шундай муносабатда бўлмоқда. Ахир ёшлигимизда қўлимизга нон олсак, дарров ариқда оқаётган сувга ботириб, маза қилиб ердик. Чунки у пайтлар ҳеч ким сувга ахлат ташламасди. Сув ҳам улуғ неъмат, увол бўлади дейишарди. Кексаларимиз, "ҳеч қачон ариққа ахлат ташлама, сувга тупурма, гуноҳ бўлади, фаришталар қарғайди", дея уқтирарди. Шунинг учун ҳам бундай номаъқулчиликларни қилишдан қўрқардик. Уй, ҳовли, кўчаларни тозаласак, дарров ахлатини пақирга олиб қўярдик. Сўнгра белгиланган жойга олиб бориб ташлаб келардик.
Қиссадан ҳисса шуки, инсонга хос феълга эга бўлиб, яхши-ёмонни, савоб-гуноҳни фарқлайлик. Энг аввало, кексаларимиз бор экан, улар ҳар ишда ибрат бўлишсин. Табиат неъматлари бўлган ҳаво тозалиги, сув мусаффолигига бефарқ бўлмайлик.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.