Севгини кимнингдир кўча деворларига катта-катта қилиб ёзиб, изҳор қилиш. Бу билан у ўзининг севги фантазиясини изҳор этаётган бўлса, лекин кимнингдир нафратига дучор бўлаётганини билармикан?
Севгининг мазкур қиёфасини идрокингиз сезгилари учун таништиришни ўзимизнинг айни дамдаги бурчимиз санадик. Муҳаббат тараннум этилган китобларни наридан бери ўқиганингизда ҳам, уларда “Баҳорий ишқ”, “Куз севгиси”, “Зулматдаги муҳаббат” деганларига ҳам гувоҳ бўлгансиз-у, аммо бунисига энди илонлар ҳам пўст ташлайди. Агар англаган бўлсангиз фикр-мулоҳазаларимиз туманимиздаги марказий кўчалардаги деворларга турли хил севги изҳорларини ёзаётганлар ҳусусида кетмоқда.
Кейинги йилларда юртимизда, шу жумладан қишлоқ жойларда кенг кўламда бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилаётгани, барпо этилаётган янги уйлар, маданий-маиший иншоотлар, боғ-роғлар қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборгани бугун барчамизни қувонтиради. Юртимизнинг чекка қишлоқларида фаолият олиб бораётган спорт ва мусиқа мактаблари жаҳон стандартлари талаби даражасида жиҳозланганлиги ҳам ҳамма нарса инсон учун, унинг бахт-саодати учун шиори билан олиб борилаётган сиёсатнинг яққол далилидир.
Мазкур жараёнлардан, албатта, туманимиз аҳли ҳам четда қолаётгани йўқ. Жумладан, жорий йилда “Қролос” ҳамда “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинларининг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларига киритилиши ва бунинг ортидан кўпгина турар жой бинолари ва кўчаларнинг чирой очганлигилигини бугун ҳеч ким инкор этмайди. Муҳими жараён кетмоқда. Бироқ шундай ислоҳотлар даврида айрим ёшларимизнинг юракка сиғмаган “дард”ларини яқиндагина таъмирдан чиққан деворларнинг юзида акс эттиришини нима деб изоҳлашни ҳам билмайсиз?
“Мен сени севаман”, “Севаман” ва яна аллақандай бош ҳарфлар билан тўлиб кетган деворларга қараб фақат ачинасиз. Бунда ёшларнинг тарбияси билан боғлиқ нокомилликлар ҳамда киши меҳнатининг қадрсизланишига доир ҳар қандай фикр хусусида сўз юритиш мумкин. Бироқ барибир эски тослар янгиланмайди. Бугун ёшлар интернет, телевединие сингари “оталиқ”ларидан тарбия олаётган бир даврда улар орқали кириб келаётган оммавий маданият “синдром”идан ёшлар қалбини иҳоталай олмаяпмиз. Деворий ишқ изҳорларининг туб негизида ҳам оммавий маданиятнинг “имзо”си мавжуд. Ўзгалар меҳнатини қадрлаш хусусида гап кетганда, япон халқининг маданияти ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Яқинда Россияда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионати эсингизда борми? Ўшанда нимчорак финал босқичида Япония Белгиядан аламли мағлубиятни қабул қилиб олди. Япон мухлислари аюханнос солиб, жазавага тушмади. Фақат ўзлари қўним топган трибуналарни чиқиндилардан тозалаб қўйди. Мана сизга япон маданиятининг юксак намойиши. Мазкур ҳолат хусусида бутун дунё бонг урди. Улар бундай даражага ўзгалар меҳнатини қадрлаш эвазига муяссар бўлишди.
Ҳурматли укажоним! Деворга ёзаётган - “дил изҳор”ларинг киши қалбида аллақандай шилимшиқ ҳисларни уйғотишини биласанми? Инсоннинг интим туйғулари ҳамиша баландпарвоз сўзлар билан ифодаланиши фанда ҳам исботланган. Аммо уни бутун оламга жар солиш муҳаббатнинг ҳеч қандай мезонига тўғри келмайди.
Бу ўринда ҳудудларга бириктирилган участка нозирлари ҳамда маҳалла фаолларининг ҳам эътиборсизлигини таъкидлаш жоиз. Ахир, қандай қилиб деворлар юзида “савлат” тўкиб турган ишқ изҳорларига бефарқ бўлиш мумкин. Ёки улар ҳам лоқайдликни ўзларининг юксак аъмолига айлантиришганми?
Тўлқин ХАЛИЛОВ.