Сиз ҳам бир қанча ташкилотларга мурожаат қилганингизда бу гапга кўп марта дуч келгандирсиз. Менинг бир танишим айнан шу гап билан боғлиқ бир воқеани ҳикоя қилиб берди. У бир куни футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўз уйида ўтириб томоша қилиш ниятида янги замонавий телевизор сотиб олмоқчи бўлди. Аммо ишхонасидан оладиган бир ойлик пули телевизор сотиб олишга етмайди. Шунинг учун ҳам бир қўшнисининг маслаҳати билан банк кредити асосида уйга керакли бир қанча маиший техникалар олишга қарор қилди. Дўконга бориб сотувчидан кредит учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхатини олди. Икки-уч кунда керакли хужжатларни тахт қилиб яна дўконга келди ва шартнома қоғозларини олди-да, ўзи яшаб турган тумандаги банклардан бирига мурожаат қилди. Банк ходими эса, кейинги ойнинг бошида келинг, ҳозир ойнинг ўн беш куни ўтиб бўлди, ойнинг қолган ўн беш кунида эса кредит бериш билан эмас, кредитни қайтариб олиш билан шуғулланамиз, деб хужжатларни қабул қилмади. Бундан бир оз жаҳли чиққан танишим банк бошқарувчисига мурожаат қилди. Бошқарувчи эса ходимни чақириб нега мижозларни қайтарасиз, хужжатларини олиб қолинг ва икки-уч кунда масаласини ҳал этинг, дея топшириқ берди.
“Эртага келинг...” ва шунга ўхшаш гаплар билан орадан 15 кун ўтиб бўлди. Танишим банк ходимининг айтган муддати ҳам етиб келди, энди телевизор олиш орзуим амалга ошар, деб турганида унга ёрдам берган банк бошқарувчиси бошқа ишга ўтиб кетибди. Ходим эса яна бир баҳоналар қилиб, “эртага келинг”ни канда қилмади ва охири мижозга яна қайтадан ариза ёзмасангиз бошлиғимиз алмашди, аввалги аризангиз энди ўтмайди, дея қайтадан ариза ёздирди. Танишим яна ўн беш кунга кечикарканда, деган ўй билан ариза ёзиб кетди ва ўйлаганидек бўлди. Ана-мана деб яна ўн беш кун ўтди. Бу пайтда футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланиб кетиб, қўшнисиникига ўтиб телевизор томоша қилаётган танишимнинг тоқати тоқ бўлиб банкларнинг “катта”роғига мурожаат қилди, яъни ўша тижорат банкининг вилоят бошқармасига. Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, танишимнинг қўнғироғи жиринглади ва “Бугун келинг...” деган гапни эшитди. У ўзида йўқ хурсанд банкка югурди. Банк ходими қўлига яна бир нечта қоғозларни тутқазиб, энди тез югуриб борингда нотариусга тасдиқлатиб келинг. Пайшанба куни эди. Куннинг иккинчи ярми бошланган палла. Нотариус эшиги олдида 64та одам навбат кутиб турибди. 65-ўринга навбатга ёзилган танишимнинг яна кайфияти бузилди. Устига-устак нотариус тўлови ҳам 50-60 минг сўм атрофидалигини эшитгач, ёнида бунча пул йўқлигидан умиди узила бошлади. Тўлов пулини топиб қайтиб келганида, нотариусдаги навбати етиб келибди-ю, аммо банкнинг иш вақти тугаган экан. Энди баттар асаби бузилди. Сабаби шу куни улгурмадими, эртаси куни Рамазон ҳайити муносабати билан дам олиш куни деб эълон қилинган, шанба ва якшанба куни банк ишламайди, душанба куни эса ноатриус...
Хуллас кредит масаласи яна тўрт кунга кечикадиган бўлди. Шундай бўлди ҳам. Бу пайтда жаҳон чемпионатининг деярли ярми ўтиб бўлган эди. Тўрт кундан кейин банкдаги хужжатларни қайтариб олиб, кафил бўладиган шериги билан шаҳарга йўл олди. Шаҳар банки ходимлари уларни хушмуомалалик билан кутиб олди. Бўлган воқеаларни айтиб берди. Банк ходимлари эса хужжатларни расмийлаштиришга киришиб кетди. Ўша куниёқ масала ҳал этилди. Банк ходимари ҳурмат билан кузатар экан, эртагаёқ дўконга бориб керакли маиший техникларни олиб кетишлари мумкинлигини айтди.
Дарҳақиқат, вилоят марказида “эртага келинг” деган гаплар қулоққа унчалик чалинмай қолган, туманларда бунга қачон барҳам бериларкан-а?!
Тўлқин СИДДИҚОВ
скачать dle 11.3