Туман марказидаги “Меҳнат” ўйингоҳида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг қутлуғ 27 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди.
Мустақиллик - энг улуғ, энг азиз байрамимиз. Бу кун ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқаргани, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклагани билан улуғ, мўътабар. Мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётгани, фарзандларимиз келажагига мустаҳкам замин яратаётгани билан азиз ва мукаррамдир.
Ўзининг неча минг йиллик кўхна тарихида не-не оғир кунларни бошидан кечирган, ҳамиша озодлик, эркинликни орзу қилиб яшаган халқимиз онггу шуурини тубдан ўзгартирган мустақилликнинг 27 йиллиги байрами тантаналарига тумандошларимиз орзиқиб, севиниб, байрам завқидан янада шоду бахтиёр бўлиш учун ташриф буюришганди.
Ўйингоҳда ташкил этилган саҳнада туман маданият бўлимига қарашли бадиий жамоалар, 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, Заркент шаҳарчасидаги “Кончи” маданият уйи бадиий жамоаси ва 1-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг ёш спортчилари томонидан байрам дастури бошланди.
Ўйингоҳга ўрнатилган саҳнага туман ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев таклиф қилинди.
У киши байрам тадбирига йиғилганларни энг улуғ, азиз байрам билан қутлаб, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда босиб ўтилган мураккаб, айни пайтда шарафли йўлимизга тантана иштирокчиларининг эътиборини жалб этар экан, Ватанимиз озодлиги нақадар машаққатли, халқимизнинг оғир ва фидокорона меҳнати эвазига қўлга киритилгани, мустақил тараққиётимиз давомида мамлакатимизда амалга оширилган асрларга тенг келадиган ишлар беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтади, дея таъкидлади.
Шу маънода бу йилги байрам шодиёналари ҳам “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу шиор остида ўтказилиши мустақиллигимизнинг туб мазмун-моҳиятини ифодалаб турибди.
Мамлакатимизнинг тарихан қисқа даврда ўзини ўзи боқишга қурби етмаган ночор ўлкадан ўз кучи ва салоҳиятига таянган, ўз сарҳадлари, ўзининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган, бугун изчил ва барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий, мустақил ва суверен давлатга айлангани барчамизга ғурур-ифтихор бағишламоқда ва аксарият халқаро кузатувчиларнинг ҳавасини тортмоқда.
-Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дастлабки натижалари аҳолининг ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, одамларнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда.
Юртимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш мақсадида муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан туманимизда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича 52 та арзонлаштирилган уй-жойлар қурилиб, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, уй-жойга муҳтож оилаларга топширилди.
Шунингдек, туманимизда жорий йилда қарийиб 9 миллиард 200 миллионлик сўмлик 6 та мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида.
Халқимиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик билан муносабатда бўлади. Таҳлилларга кўра туманимизда ўн бир мингдан зиёд боғча ёшидаги болаларнинг атиги 11 фоизигина мавжуд МТМларга қамраб олинган эди, холос. Давлатимиз раҳбарининг ёш авлод тарбиясига биринчи ва муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганлиги туфайли 2019 йилнинг охирига қадар туманимизда ҳам қарийиб 50 фоиздан кўпроқ ўғил-қизларимизни МТМга қамраб олиш учун кенг кўламдаги ишларни бошлаб, уларни боғчага жалб этишга бел боғлаганмиз.
Хусусан, жорий йилда 3 миллиард 600 миллионлик сўм қийматига эга бўлган 2 та мактабгача таълим муассасаси қурилиб, сентябрь ойида топширилади. Бундан ташқари, давлат хусусий шерикчилик асосида қарийиб мингдан зиёд болани қамраб олишга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаларни қуришни бошладик. Шунингдек, 30 дан зиёд оилавий боғчалар рўйхатга олинди.
Туманимиздаги марказий тиббиёт бирлашмаси биноси анча эскириб, замон талабларига жавоб бермай қолган эди. Жорий йилда ушбу тиббиёт муассаси ҳам тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилди. Тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлими жаҳон андозаларига мос равишда жиҳозланди. Шифохонанинг ҳар бир бўлимига қарийиб 1 миллиард сўмлик юмшоқ ва қаттиқ мебель жиҳозлари билан таъминланди.
Миришкор пиллакорларимиз ҳам жорий йилда 29 тонна кумуш тола етказиб бериб, вилоятда биринчилардан бўлиб, давлатга пилла топшириш топшириғини бажардилар.
Шунингдек, туманимизда 3 миллион 61 минг доллар миқдоридаги Хорижий инвестициялар киритилиб, экспорт корхоналарининг самарали фаолияти натижасида қарийиб 2 миллион АҚШ долларлик маҳсулот четга экспорт қилинди. Бу ҳам туманимиз тарихида ҳали кузатилмаган эди.
Шу ўринда айтиш мумкинки, жорий йилнинг ўтган даврида 721 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури асосида 2641 та янги иш ўринлари яратилди. Бу ўтган 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 170 фоизга кўп демакдир.
Қўшработ азалдан зиёлилар, олимлар юрти сифатида эътироф этилади. Худди буни исботлагандай, домла Камолиддин Олим ўғли яшаб ўтган Шова қишлоғидан бу йил 2 нафар - Ойбек Абдумўминов ҳамда Бекзод Ирзаевлар докторлик диссертациясини ёқлагани бутун туманимиз аҳлини хурсанд қилиб юборди.
Яна қувончли хабарлардан бири бу Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи талабаси Раъно Яхшиликованинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлигидир. Ушбу мукофот билан ҳали туманимиздан биронта қиз тақдирланмаган эди. Шахсан Юртбошимизнинг қўлларидан ушбу мукофотни қабул қилиб олган Раъно Яхшиликова туманимизнинг фахри ва ифтихорига айланди, десам муболаға бўлмайди.
Умуман олганда, туманда амалга оширилган хайрли ишлар ҳақида кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Буларнинг барчаси мустақиллигимиз шарофати туфайлидир.
Истиқлол бизга берган улуғ бахт, бебаҳо бойлик ва имкониятлар туфайли эришган барча ютуқ ва марраларимизни мустаҳкамлаб, бу йўлда белни янада қаттиқроқ боғлаб меҳнат қилишимиз табиийдир, - деди Ҳ.Оқбўтаев ҳамда тумандошларимизга сиҳат-саломатлик, хонадонларига файзу барака тилаб, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, озод ва обод диёримизга кўз тегмасин, дея эзгу истак ва ниятларини изҳор этди.
Дарҳақиқат, ҳеч нарса осмондан тушмайди. Мақсадга, бахт-саодатга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бу кунларга етгунча халқимиз не-не машаққатларни бошидан ўтказди. Аввало ўз қудрати ва ўз давлатига ишониб, ҳаммасини енгиб ўтди. Бугун ўша сабр-тоқатнинг, тинимсиз меҳнатнинг роҳатини кўрмоқдамиз.
Юртимизда ҳар бир инсон эъзоз ва эътиборда. Болалар спорт билан машғул. Ёшлар билим олиш, касб эгаллаш иштиёқида. Ота-оналар тўйлар қилсам, болаларимнинг камолини кўрсам, деган яхши ният билан меҳнат қилаётир. Ёши улуғлар фарзандларини, эл-юртимизни дуо қилиб, тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечирмоқда.
Юртимизнинг ҳар бир гўшасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Дунё миқёсида ҳам ноёб саналган йирик заводлар, саноат корхоналари бунёд этилаётир.
Байрам иштирокчилари тадбирга таклиф этилган халқимизнинг севимли хонандалари Сафия Сафтарова, Мардон Мавлонов, Фаррух Раимов ҳамда Дилсўз ижро этган ажойиб қўшиқларни мароқ билан тинглаб, мириқиб хордиқ чиқариб, рақсга тушдилар.
Имкониятдан фойдаланиб, байрамга ташриф буюрган тумандошларимизни суҳбатга тортдик.
- Энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллик кунини кенг нишонлаш истиқлол йилларида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеага, қутлуғ анъанага айланиб қолди,-деди республика тарғибот маркази туман бўлими раиси Ш.Зиёдинов. -Бу улуғ айёмга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда, кўтаринки руҳда нишонлашда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган илҳомбахш қарорнинг аҳамияти катта бўлди.
Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган Дастурда, аввало, қайси масалаларга алоҳида эътибор қаратиш, аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот-ташвиқот ишларида қандай мавзуларни жонли суҳбат ва мулоқотларнинг асосий йўналиши деб белгилаш лозимлиги ўз ифодасини топди. Давлатимиз раҳбари томонидан мустақиллик деган буюк тарихий ҳодисанинг қадр-қиммати ва аҳамияти ҳақида фикр юритганда айнан қандай муҳим мисолларга тўхталиш мақсадга мувофиқ экани, барча соҳаларда эришган ютуқ ва марраларимизни кенг оммага етказиш, ҳаётбахш ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунини янада теран очиб бериш лозимлиги ва бошқа муҳим вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилди.
Бу, бир томондан, байрамга тайёргарлик доирасидаги ишларни осонлаштирди, тадбирларнинг сифат ва самарадорлигини кўтаришга хизмат қилди. Иккинчи томондан, қарорнинг барча ижрочиларига катта масъулият юклади.
-Туманимизда мустақиллик байрамига тайёргарлик жараёнида кўпгина ишлар амалга оширилди,-дея суҳбатга қўшилди “Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи нафақадаги юртдошимиз Ҳ.Арипов. - Айниқса, қишлоқларимиз ўзига хос чирой очмоқда. Янгидан-янги инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида. Буларга хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан нонвойхона, стоматология биноларини мисол тариқасида айтишимиз мумкин. Ана шундай қурилиш ва ободончилик ишларига маҳалламиз фуқаролари, ҳудудимизда фаолият кўрсатаётган ташкилот, муассасалар ишчи-хизматчилари ҳам муносиб ҳисса қўшдилар.
- Кейинги йилларда туманимизда амалга оширилаётган ишлардан фахрийларимиз ҳам хурсанд бўлмоқда,-деди 82-умумтаълим мактабида тарих фанидан сабоқ берган, ҳозирги кунда нафақа гаштини сураётган Бектош Бобобеков. -Айниқса, туман марказидан нуронийлар учун алоҳида бино қурилгани, ҳамма шрт-шароитлар билан таъминлангани ҳаммамизни беҳад мамнун қилди.
Ахир, бундай дориломон кунларни кўрамиз деб ҳеч ҳам ўйлаганимиз йўқ эди. Аллоҳга шукурки, кўришни насиб эттирди. Мамлакатимиз шундай тез ривожланиб бормоқдаки, дунё ҳамжамияти ҳам буни эътироф этмоқда.
Байрам тантаналари юксак савияда ўтди. Ўйингоҳдан чиқар эканмиз ким билан суҳбатлашмайлик байрам тантанасига қатнашганлигидан беҳад хурсандлигини билдириб, Президентимиз раҳнамолигида юртимиз янада обод, турмушимиз фаровон, ҳамиша тинч ва осойишта бўлишини тилаб, ўзларининг дил изҳорларини изҳор этишди.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ,
Т.СИДДИҚОВ.
Суратларни Бобур МАМАДИЁРОВ олган.