Кўк билан бўйлашиб турган виқорли тоғлар бағридаги Шова қишлоғи туман марказидан 25 километр узоқликда жойлашган. Қишлоқ катта сойнинг икки томонида қўним топгани боис табиати боҳаво, сўлим.
Қишлоққа кириб борар эканмиз, бизни маҳалла фаоллари қарши олишди. Улар билан кечган суҳбатимиз тоғ шароитида яшаётган одамларнинг турмуши, тоғликларнинг ўзига хос феъли ва яшаш тарзи, талаб ва муаммолари хусусида бўлди.
-Қишлоғимизнинг номи сойдаги шовуллаб оққан сув билан боғлиқ, - дея гап бошлади маҳалла фуқаролар йиғини раиси Махмуд Ҳалилов. – Маҳалламиз пастки Шова, ўрта Шова ҳамда юқори Шова қишлоқларидан иборат бўлиб, уларда жами 2030 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоғимиз аҳли кўпроқ ғалла, нўхат каби дуккакли экинларни етиштиради. Шунингдек, сабзавот экинларини ҳам экиб, парвариш қиламиз. Боғларимизда етиштирган олма, олхўри, гилос, нок, ёнғоқларнику айтмай қўя қолай. Маҳсулотларни кўпроқ туман марказига ва бошқа жойлардаги бозорларга олиб бориб сотамиз.
Муаммоларимиз анчагина. Энг асосий муаммоларимиздан бири аҳоли яшаши учун ер участкаларининг етишмаслигидир. Айниқса, кейинги вақтда қишлоқда ёш оилаларнинг кўпайганлиги сабаб, улар алоҳида хонадон бўлиб чиқишлари муаммо бўлиб қолмоқда. Тўғри қишлоқда ер кўп. Лекин улар аҳоли томонидан ноқонуний тарзда эгаллаб олинган. Бу бўйича биз чора-тадбирлар ишлаб чиққанмиз ва туман кадастр бўлимига тақдим этганмиз.
Бугун Шовада аҳолига қулайлик яратиш учун болалар спорт майдонлари, савдо, маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларининг йўқлиги кўнгилни хира қилади. Бундай хизматлар учун аҳоли туман марказига тушишга мажбур бўлишмоқда.
-Юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни, бунёдкорлик ишларини кузатиб, шукроналар айтаман, - дея суҳбатга қўшилади маҳалла фаоли, меҳнат фахрийси Бектемир Абдумўминов. -Бугунги ёшлардан умидимиз катта. Улар кўпроқ китоб ўқиб, билимини оширишса деймиз. Лекин маҳаллада кутубхона йўқ. Бир пайтлар маҳаллага қарашли кутубхонада жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари сақланарди. Улар касб-ҳунар коллежлари қошида ташкил этилган ахборот-ресурс марказларига кўчириб олиб кетилган эди. Биз кекса авлоднинг ниятимиз ҳам маҳалла кутубхона билан таъминланса, нодир асарлар жойига қайтарилса, ёшларимиз билимли бўлса деймиз.
Қишлоқда жойлашган 53-мактаб фаолияти билан танишганимизда спортнинг оммавийлигига эътибор қаратилаётганини англадик. Спортнинг волейбол тури бўйича қизлар жамоаси бу йил туманда Қолиб бўлиб, вилоятда иштирок этиб қайтишган экан.
Энг қувонарлиси, жорий йил мактабнинг собиқ ўқувчиларидан – Ойбек Абдумўминов ҳамда Бекзод Ирзаевлар докторлик диссертациясини ёқлагани бутун маҳалладагиларни хурсанд қилиб юборди.
Бир сўз билан айтганда шоваликларнинг кўзларида эртанги кунга ишонч, фаровон турмушга миннатдорлик акс этганига гувоҳ бўлдик. Аммо аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни кўнгилдагидек деб бўлмайди. Ёш оналардан Ҳ.Дўсёрова билан бўлган мулоқот чоғида ҳудудга бириктирилган патронаж ҳамшираларнинг сусткашлик билан ишлаётганини англаш қийин бўлмади.
Мен бу сафардан фақат ижодий таассуротларнигина эмас, шукроналик ва ғурур туйғуларини ҳам кўнглимга туйдим. Негаки, бир жойда ўтириб, одамларнинг яшаш шароитини тасаввур қилиш бошқа-ю, бориб кўриш бошқа экан. Шова қишлоҚининг одамлари ҳам мен ўйлаганданда самимий, меҳмондўст, очиқ қалб эгалари экан. Ижодий жамоанинг ҳар ҳафта битта маҳаллани ўрганамиз, деган гаплари бундай обод манзилда кейинги ҳафтада қайси маҳалла тўғри келаркан, яна қандай қалб соҳиблари билан учрашарканман деган яхши фикрда қишлоқ аҳли билан хайрлашдик.
Д.ҲАСАНОВА.