Қиш ойининг дастлабки кунлари бошланиши биланоқ туманимиз марказидаги кўчаларда мактаб ўқувчиларининг “пақилдоқ”, яъни пиротехника воситаларидан фойдаланаётганини кўраяпмиз. Ахир унинг оқибати нима билан тугашини ҳаммамиз яхши биламизку. Қанчадан-қанча болалар унинг оқибатида майиб-мажруҳ бўлиб қолмоқда. Бу воситалар мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайди. У кўпроқ қўшни давлатлардан юртимизга яширин равишда олиб кирилмоқда. Бу ўз навбатида божхона ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини сергакликка чорлайди. Сабаби, айнан шу даврда пиротехника воситаларининг божхона чегараларидан ноқонуний олиб ўтилиши ҳамда қонунга хилоф тарздаги савдоси кучаяди. Туманимизга ҳам бу маҳсулотлар яширин равишда бўлсаям олиб келиниб, сотилмоқда.
Ҳа, бундай пайтларда айрим нафси ҳакалак отган «ишбилармонлар» пиротехника буюмларини пуллаб, чўнтак қаппайтиришга уринади.
Пиротехника воситалари билан боғлиқ қоидабузарликларни тартибга солиш ҳамда мамлакатимизга пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш соҳасида самарали давлат назоратини ўрнатиш, уларнинг ноқонуний фойдаланишининг олдини олиш, пиротехника воситалари намойиш қилинадиган маданий-томоша ва бошқа тадбирларни ўтказишда хавфсизлик чора-тадбирларини кучайтириш, шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида 2009 йил 10 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Шу билан бирга, 2010 йил 22-сентябрдаги “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш каби қонунбузарликлар учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2501одда ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1851модда билан қонунбузарларга нисбатан жазо чоралари белгиланган.
Пиротехника воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш, аниқлаш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳамда аҳоли орасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганига қарамасдан, ушбу маҳсулотнинг ноқонуний савдоси давом этмоқда.
Бу борадаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашда туман ички ишлар бўлими томонидан ҳам муайян чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Лекин ота-оналар ҳам ўз фарзандларига эътиборли бўлиб, пиротехника воситаларини сотиб олиб беришмаса ёки назоратсиз қолдиришмаса, кўплаб кўнгилсизликларнинг олдини олган бўламиз.
Шуни айтиш лозимки, яқинлашаётган Янги йил байрами турли пиротехника воситаларисиз ҳам зўр ўтади. Бунинг учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъулдир.
Жавлонбек БОБОЕВ,
туман ИИБ ЖТСГ инспектори.