Баъзи оилаларда қайнона-келин ва эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, ўзаро келишмовчиликлар кўпгина ҳолларда ажримларга сабаб бўлмоқда. Ўртада фарзанд тақдири сўроқ остида қолади.
Тўғри, вояга етмаган шахснинг ижтимоий ҳимояси суд тартибида ҳал этилиб, одатда отанинг зиммасига алимент тўлаш мажбурияти юклатилади. Баъзи ҳолларда оталар бу мажбуриятни бажаришни исташмайди.
“Навкат” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Б.Шокиров (исми ва фамилияси ўзгартирилган) оиладаги келишмовчилик туфайли 2010 йил 25 май куни фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг ажримига асосан турмуш ўртоғи Ф.Абдураҳмонова билан ажрашади. Лекин оилада бир нафар фарзанд қолади. Суд буйруғига кўра Б.Шокиров вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент тўлаши белгиланади.
Лекин Б.Шокиров алиментни ўз вақтида тўлашни унутиб қўйди. Гўёки тўламаса ҳам бўлаверади деган ўйда юрди. Бу орада унинг турмуш ўртоғи Ф.Абдураҳмонова вояга етмаган қизи М.Абдураҳмоновани моддий жиҳатдан таъминлашга қийналиб қолади. Бу борада судга мурожаат қилади.
Б.Шокиров бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан 2016 йилнинг февраль ойидан жорий йилнинг январь ойигача олти миллион тўққиз юз тўқсон олти минг йигирма бир сўмдан ошиқроқ маблағни тўламай, пайсалга солиб келаверди. Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходимларининг ҳам бир неча бор огоҳлантиришига қарамасдан Б.Шокиров “моддий аҳволи оғирлиги, ҳеч қаерда ишламаслиги”ни рўкач қилиб, алимент тўлай олмаслигини билдирди.
Маъмурий ишлар бўйича туман суди томонидан ўзбошимчалик билан алимент тўлашдан бош тортиб келган Б.Шокировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддаси 1-қисми билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Оила, деб аталмиш муқаддас даргоҳга қадам қўйган ёш келин-куёв зиммасидаги масъулият ҳиссини англаб етиши лозим. Арзимас баҳоналар билан мурғак қалбларни ўкситган ҳолда тирик етимга айлантириб, алимент тўлаш каби муаммолар билан ўралашиб юришдан кўра, фарзандларни оқ ювиб, оқ тараб, ўқиш ва ишдаги муваффақиятларидан завқ олиб яшаш ҳаётнинг мазмун-моҳияти эмасми?!
Алишер ШАЙМАНОВ,
туман МИБ бошлиғининг ижро бўйича ўринбосари.