Автомобиль ҳайдовчилари томонидан йўл қўйилаётган тезликни ошириш, маст ҳолда техникани бошқариш, рулда телефонидан фойдаланиш, хавфсизлик камарини тақмаслик ва шунга ўхшаш қатор қоидабузарлик ҳолатлари йўллардаги нохуш воқеаларга сабаб бўлмоқда.
Маълумки, йўлларда ҳаракатланаётган транспорт воситалари сони йилдан-йилга ошиб бораётгани бир жиҳатдан тараққиёт ва фаровонлик белгисидир. Бу ҳаммамизни қувонтиради. Масаланинг яна бир жиҳати ҳам борки, бу ўз навбатида хоҳ у пиёда бўлсин, хоҳ у ҳайдовчи бўлсин, ҳар биримиздан хавфсизликни таъминлаш мақсадида йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишимизни тақозо этади.
Таъкидлаш жоизки, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари кўпинча транспорт воситасини спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолда бошқариш вақтида юзага келади.
Бугунги кунда мамлакатимизда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари беш миллион олтмиш саккиз минг икки юзи эллик сўмни ташкил қилади. Бу катта оилани бир ой мобайнида тўла-тўкис таъминлаш учун етарли маблағ. Қонунчилигимизга киритилган охирги ўзгартиришларга кўра спиртли ичимлик истеъмол қилиб автомашина бошқарганлиги учун ҳайдовчи ана шунча миқдордаги жаримага тортилади. Бундан ташқари, бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ҳам мумкин. Лекин шунга қарамасдан ўзи ва йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйиб машина рулига сархуш ўтираётганлар ҳамон учрамоқда.
Д.Абишев (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Пангат” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. У 2018 йил 8 январда Пайариқ туман маъмурий суди томонидан икки йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлсада, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармайди.
Жорий йилнинг 19 январь куни кеч соат 19-00лар атрофида Иштихон туман ҳудудида спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолда, ҳеч бир ҳужжатсиз транспорт воситасини бошқариб кетаётган вақтда ИИБ ЙЎХБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, баённома тузилади.
Маъмурий суднинг қарори билан Д.Абишев Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.
“Навкат” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ш.Бакиров (исми ва фамилияси ўзгартирилган) ҳам ўзининг бошқарувидаги “Дамас” русумли автомобилини маст ҳолда бошқариб кетаётганда ИИБ ЙЎХБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, баёнлаштирилади.
Ш.Бакировга нисбатан туман Маъмурий суди томонидан 1 (бир) йилу 6 (олти) ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 25 (йигирма беш) баравари, яъни 5 миллион 68 минг 250 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланади.
Ҳар бир ҳайдовчи рулга ўтирар экан, у нафақат ўз ҳаёти, балки бевосита ўзгалар ҳаёти учун ҳам жавобгарлик масъулиятини зиммасига олади. Маст ҳолатда автомобил рулига ўтириш эса ана шу масъулиятга беписанд қараш, оиласи, ватандошлари, яқинларини ҳурмат қилмаслик, қадрламасликдир.
Б.ХУРСАНОВ,
туман Маъмурий суди раиси.