Мамлакатимизда тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида туманимизда ҳам янги-янги замонавий қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар барпо этилмоқда. Мавжудлари ҳам қайта таъмирдан чиқарилиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги оширилмоқда.
Ана шундай эзгу ишларнинг навбатдагиси кончилар шаҳри бўлган Заркентда 30 ўринли кундузги стационар қулайликлари ва 120 қатнов қувватига эга бўлган қишлоқ оилавий поликлиникасининг янги қиёфада иш бошлаши аҳоли учун Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик шодиёнасига муносиб туҳфа бўлди.
Поликлиниканинг ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Азиз Жўраевлар сўзга чиқиб, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга доир давлатимиз раҳбарининг қарор ва топшириқлари асосида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гапириб ўтди.
– 2 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, реконструкция қилинган муассасамизда 20 мингга яқин Заркент аҳолисига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди ва сифати яхшиланди, – дейди Заркент қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Холдор Ибрагимов.
«Заркент бахт савдо» масъулияти чекланган жамияти томонидан қарийб 7 ой вақт мобайнида реконстуркция қилинган поликлиникада барча хоналар намунавий тарзда жиҳозланиб, лаборатория, ультратовуш текшируви каби бир қатор зарур тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Шифокорлар фаолияти учун барча шароитлар яратилди. Қувонарлиси, поликлиника қошида ижтимоий дорихона ва тез тиббий ёрдам шахобчаси ташкил этилиб, аҳоли учун туну кун тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
Тадбир давомида, давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами муносабати билан ташкил этилган «Саломатликни тарғиб қилиш кунлари» дастури асосида Самарқанд тиббиёт олийгоҳининг профессор-ўқитувчиларидан иборат педиатр, хирург, акушер-гинеколог, травматолог, уролог, ЛОР каби малакали шифокорлар томонидан заркентлик фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Соғлом турмуш тарзи асослари, касалликларнинг олдини олиш ҳақида уларга зарур тавсиялар берилди.
Тиббий кўрик натижаси билан стационар даволанишга муҳтож, деб топилганларни тегишли тартибда туман, шаҳар, вилоят ва республика тиббиёт муассасаларида соғломлаштириш режалаштирилган.
Жисмоний фаолликни кенг тарғиб қилиш мақсадида таълим муассасалари ўқувчи ва талаба-ёшлари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида оммавий спорт мусобақалари, югуриш марафонлари ташкиллаштирилди.
Б.МАМАДИЁРОВ.