Жорий йилда туманимиз аҳли ҳам Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Ғалабанинг 74 йиллигини катта тайёгарлик билан нишонлаяпти.
Асосий тадбир туман марказидаги “Хотира хиёбони”да бўлди. Унда уруш ва меҳнат фахрийлари, ташкилот, корхона жамоалари, Заркент шаҳарчасида жойлашган ҳарбий қисм аскарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қуръон тиловат қилиниб, ўтганлар хотираси учун сукут сақланиб, ҳурмат бажо келтирилди.
Сўнгра шон-шуҳрат ёдгорлиги пойига туман ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими, прокуратура, ички ишлар бўлими, ташкилот, корхона ва муассасалар номидан гулчамбарлар қўйилди.
Таъкидлаш керакки, тадбирда Каттақўрғон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмнинг оркестри ижросида ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги, Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқатни мадҳ этувчи тароналар янгради.
Тантанали тадбирдан сўнг байрам иштирокчилари бир пиёла чойга таклиф этилиб, уларга яна бир бор ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев сўзга чиқиб, туманимиз аҳлини фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 74 йиллиги байрами билан қутлар экан, фашизм инсоният бошига мислсиз кулфатлар ёғдирганини, бу мудҳиш воқеа инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлгани ҳеч қачон унутилмаслиги қайд этди.
Миллионлаб инсонлар қурбон бўлган, ўнлаб ўлкаларга вайронагарчиликлар келтирган фашизм устидан қозонилган ғалабада туманимиз аҳолисининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Бешафқат урушда салкам 1,5 миллион нафар ўзбекистонликлар иштирок этган. Ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жангу жадалларда қатнашди.
Қўшработ туманининг таркиб топиши ҳам урушнинг айни қизғин даври 1943 йилга тўғри келганлигига, халқимизнинг бошидан қанчалик иқтисодий-ижтимоий қийинчиликлар ўтаётганига қарамасдан 3,5 минг нафардан кўпроқ қўшработлик ўғлонлар урушда бўлиб, қаҳрамонона жанг қилганлар, ғалабага ўз ҳиссасини қўшганлар. Улардан 1700 нафардан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлишган, кўпчилигининг вафот этган жойи ҳам номаълум. Қишлоғига қайтган 2 минг нафардан кўпроғи орасида ҳам майиб-мажруҳи кўпчиликни ташкил этган.
Халқимиз жанг майдонларида азиз жонларини қурбон қилган Муносиб Азимов, Ўроз Бекмуродов, Юсуф Бобоёров, Нурилла Жомбоев, Обил Ярашев, Шайман Чинниқулов, Қувондиқ Турсунов, Хотам Улуғов ва бошқаларнинг номларини ҳам унутганлари йўқ. Ғалабага муносиб ҳиссасини қўшиб, кўксини жанговор орден ва медаллар билан тўлдириб, она юртига қайтиб келган, умрининг охиригача ҳормай-толмай хизмат қилган Турсун Расулов, Тиркаш Ўразов, Шамси Усмонов, Жўра Қорақулов, Ғозиқул Қоржовов, Нормамат Ахмедов, Рахмон Беганов, Эсонбой Бекқулов, Абдуғаффор Файзиев, Сувонқул Хўжақулов, Наримон Ўролов, Лапас Дўсқораев, Тўрақул Ризаметов кабиларнинг ёрқин сиймолари ҳозирги кунларда ҳам уларни кўрганларнинг кўз ўнгидан кетгани, эшитганларнинг хотирасидан ўчгани йўқ.
Бугунги кунда туманимизда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 3 нафар – Амир бобо Саксонов, Адирбой бобо Хўжанов, Толлибой бобо Узоқовлар каби Ватанимизнинг жасур ўғлонлари яшаб, ўзларининг дориломон кунларини ўтказмоқда. Уларга 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан 7,5 миллион сўмлик пул мукофотлари ҳамда совға-саломлар топширилди.
Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Хотира деганда - биз бу фоний дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Бу халқимизга хос азалий фазилатдир.
Қадрлаш деганда эса – асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизни ёдга олмоқ, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқликдир.
Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.
Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.
Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.
Зеро хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.
Байрам тантанаси туман маданият ишлари бўлими хонандалари ҳамда 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқларга уланиб кетди.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.