Ҳужжатсиз, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар аҳоли анча қадимдан яшаб келаётган тоғли туманларда кўп учрайдиган ҳолат. Чунки кўпчилик оилалар ҳовлисига туташ бўш ётган ердан ҳеч қандай ҳужжатлаштирмай, бемалол ноқонуний равишда уй қурган. Натижада эса уй ҳеч кимнинг номига расмийлаштирилмагандан кейин ўртада ҳовли-жойларга эгалик қилиш бўйича ўзаро низолар келиб чиқмоқда.
“Тоз” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи О.Саидова (исми ва фамилияси ўзгартирилган) 10 нафар фарзанднинг онаси. Албатта, халқимиз удумига кўра фарзандни уйли-жойли қилиш, уйлантириш ота-онанинг масъулиятидаги вазифадир. Ҳар бир ота-она бу вазифани уддаламасдан ўзини хотиржам ҳис қилмайди.
О.Саидова ҳам турмуш ўртоғи билан ўғли Ў.ни уйлантиради ҳамда алоҳида уй қуриб беришади. Бу орада турмуш ўртоғи 2009 йилда, ўғли эса 2017 йилда вафот этади. Уйда эса келини ва набираси қолади. Бу орада келини уйга эгалик ҳуқуқини чиқариш бўйича туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади. Бу мурожаат бўйича туман ҳокимининг 2018 йил 15 февралдаги қарорига асосан О.Саидованинг келини номига 0,06 га ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча эгалланган 0,66 га ер майдони солиқ тўловларни амалга ошириш учун бириктириб берилади.
Бу эса негадир О.Саидовани хавотирга солиб қўяди. Тўғрироғи, келини номига расмийлаштирилган уй-жойни ўзининг номига олишни хоҳлаб қолади. Бу тўғрида туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, туман ҳокимининг қарорини бекор қилишни сўрайди.
Суд эса иш ҳолатлари, қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда О.Саидованинг ўғли, марҳум Ў.нинг турмуш ўртоғи Д.нинг номига белгиланган тартибда ер ажратилиб, туман ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топиш учун асос мавжуд эмас деб топди.
Б.ХУРСАНОВ,
туман Маъмурий суди раиси.