Текис йўлда кетаётиб нигадир қоқилиб кетган одамнинг оёқ ёки қўли шилиниб, лат ейиши ҳамда ачишиши, бироз вақт ўтиб безовта қилиши, вақтида муоалажа қилинмаса газак олиши ҳам мумкин. Чуқурроқ жароҳат етган бўлса ўрни қолиши табиий ҳолн. Аммо юрак шилинсачи? Юрак қоқилиш ёки йиқилишдан эмас, ҳасаддан, ғийбатдан дарз кетади. Бу жароҳат эса битмайди.
Боболаримиз ҳасад билан ҳавасни бир биридан ажратиб, “Ҳавас қилган етар муродга - ҳасад қилган қолар уятга” деб айтиш.
Атрофдагиларга зарар келтирадиган ҳар қандай иллатни, жумладан ҳасадни ҳатто динимиз ҳам қоралаган. Инсонда ҳасад пайдо бўлишига душманлик, кўра олмаслик, кибр ва шуҳратпарастлик каби ножоиз иллатлар сабаб бўлиб, бу инсоннинг икки дунёсига ҳам зиён етказади.
Икки дунёда ҳам имтиҳон олувчи, тарозибон Аллоҳнинг ўзидир. Ҳар биримизнинг хатти-ҳаракатимизни кўриб турибди. То ҳаёт эканмиз бир қанча одамларга ишимиз тушади. Икки дунё саодатига эришиш улуғликдир. Бу бахтга эришганлар бир ҳовуч, эришмаганлар қумнинг саноғичалик кўпдир. Ахир иймони бут кишининг бағрида қишин-ёзин бодом гуллайди. Унинг юзи-ю кўзидан атрофга меҳр-муҳаббат ёғилиб туради. Бармоқлари орасидан нажот тўкилади. Гуноҳкор, ғийбатчини кўрганда ҳам нафрати қўзимайди, қарғанмайди. Бу ҳам мусулмончиликнинг бир белгисидир.
Ғийбат қилиш ҳам ҳасад ҳисобланади. Бефойда, кераксиз нарсаларнинг энг каттаси кераксиз гап-сўзлар билан машғул бўлишдир. Ваҳоланки, ғийбат қилиш аёлларнинг иши дер эдик, бугунги кунда эркаклар орасида ҳам ғийбат қилувчилар сони ортиб бораётгани сезилиб қолаётир. Тиллоларга тенг вақтларини гап билан бекорга совуришмоқда. Ғийбат аслида пасткашликдан, ҳасадгўйликдан, мунофиқликдан келиб чиқади. “Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор” деганларидек, “ғийбатчилар бировлар ҳақида ёлғон-яшиқ гап тарқатишмаса ўзлари ҳақида гапиришади” деган фикрларда ҳам жон бор.
Аслида ғийбат, миш-мишлар ғийбатчининг тилига ёпишган кир, оёғидаги кишан, оғзидаги ачиган ош, нафасидаги ёқимсиз ҳаводир. Бас, шундай экан ғийбатлардан фориғ бўлиш керак. Тоза сувга танангизни таҳорат қилгандай руҳият, қалбингизни яхшилик нурларидан фойдаланиб, топ-тоза бўлиб покланинг. Йўқса келажак авлодингиз ҳам ўзингиздай ғийбатчи бўлиши мумкин.
Яхши инсон яхшилик ва ёмонлик ҳам, бойлигу камбағаллик ҳам, амалу мартаба ҳам Аллоҳнинг синови эканлигини доимо ҳис қилиши керак. Зеро, ҳасад ёмон иллат.
Навотой ШОДИЕВА,
“Янгиқишлоқ” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.