Мана баҳор ҳам кириб келди. Гўзаллик, яратиш ва янгиланишда ҳам баҳорни аёлга қиёслашади. Бу йилги баҳорнинг кириб келиши эса мени эркаклар ҳақида жиддий ўйлашга мажбур этди. Негаки касбим тақозаси билан бирор бир хонадонга бормай, бирор бир нарсани сўрамай эркакларимизнинг “келинингиз билади, келинингиздан сўранг” қабилидаги жавоби тўғриси, жамиятда кимнинг роли қандайлигини унутиб қўяётган эркакка қараб “ўзингни англа,ўзингни қўлга ол” дегинг келади.
Бугун аёлларнинг қадри анча баланд. Қайси идорага борманг аёллар навбатда турибди. Ўз жонига қасд қилган ҳам аёл, суд остонасида ажрим сўраб турган ҳам аёл. Халқ қабулхоналарида уй-жой сўраб турган ҳам аёл, э, борингки хиёнат қилган ҳам аёл. Бўй етган қизлар ота уйларида бола туғиб, айбсиз гўдакни туғруқхоналарга, ахлатхоналарга ташлаб келаётганлар ҳам аёл. Булар битта эмас, улар ўнта эмас, улар жуда кўпайиб қолди. Одам атодан мерос оила устуни эркакларнинг зиммасида, ана шу хислат, қатъиятлилик йўқолганлигининг оқибати эмасмикан бу?
Ҳар қандай оғир шароитда ҳам аёл ожиза. Ожизалиги билан ҳам аёлдир. У машина калити эгаси бўлди. Борингки, уйнинг ҳам эгаси. Аммо, кўчаники эмас. Сиз эркаклар бунга қандай чидаяпсиз. Тўғри, мустақиллик бизга тенг ҳуқуқлиликни берди. Бу “аёллар ҳамма ишни қилиши мумкин” дегани эмаску.
Бизнинг ўзбек аёлларимиз оғир уруш йилларида ҳам ўз ўрнини, ўз ҳурматини билганларку. Ахир яратган ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайдиган сеҳрни, меҳрни ато этган. Шу сеҳр фарзандга аёл танасидан дунёга келиб кўкрагидан оқ сут берганида, она фарзандини бағрига босганида, бешик қучиб, алла айтганида болага ўтиши маълум. Инсонлардаги меҳр-муҳаббат, адолат ва садоқат, инсофу диёнат каби хислатлар ана шу сеҳр мевасидир.
Аёл фарзандини яхши ниятлар ила дунёга келтиради. Келажаги яхши бўлиши учун елиб-югуради ва албатта ундан яхшиликни кутади. Лекин у ниманинг эвазига...
Аёллар бор фарзанди энди тетапоя бўлиши билан чет давлатларга ишлагани кетади. Нима бўлади боланинг келажаги. Ўеч ўйлаб кўрдикми. Ўар қандай ниҳолга тоза сув ва ҳаво билан бирга андак меҳр унинг сермева дарахт бўлиб етишишини. Ўатто чумчуқ боласини учирма қилгунча атрофдаги ёмон кўзлардан асраш учун бор жони-жаҳди билан курашади, оғзи билан тўйинтиради.
Азалдан эркак оиланинг устуни бўлиб келган. Устунсиз айвонни тасаввур қилолмаганимиздек, эркаксиз оилани ҳам тасаввур қилолмаймиз. Эркак нафақат оиланинг, балки жамиятнинг ҳам, ер куррасининг ҳам устуни бўлиши керак. Ўзбек оиласида ўғил бола дунёга келса, момоларимиз оиланинг яна бир устуни, боғбони дунёга келди, деб суюнишган. Бугун туғилган фарзандларимиз – оиламиз, жамиятимиз устунлари журъатсиз, субутсиз, шижоатсиз, мардликдан йироқ бўлиб ўсаяптимикин, деган хадик мени тинч қўймаяпти. Улар билан эртамиз не кечади?
Ўғил болаларни уддабурон, рўзғорни тебрата оладиган ишбилармон, тадбиркор, ғурур ва жасурликни сингдира оладиган эр йигитлар кўпу, аммо эътиборли бўлишимиз керак.
Мени кечирингу, айрим оилаларда эркакнинг ўрни йўқолгандай. Заррача қадри, ҳурмат, эътибори йўқ. Эркаклар нега бунча бўшашиб, хўрландилар. Ё оила таъминотини йўлга қўя билмаяптимикин? У кам, бу кам. Рўзғор - ғор. Қарабсизки, яна жанжал. Орадаги меҳр-оқибат аста-секин йўқоляпти. Охири суд, ажрим. Гўдаклар эса ота меҳрисиз катта бўладилар ва яна катталар қилган хатолар қайтарилмайдими?
Мен эркакларимизнинг мардлиги, олижаноблигига ишонаман. Улар албатта оилада ўз ўринларини эгаллайдилар. Оилани устун, фарзанддек неъматни муқаддас биладилар. Мен аёлларимизнинг фидойилиги, меҳрибон ва садоқатлилигига ишонаман. Улар оиласи учун ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтадилар. Сабр-бардошлилар. Биламизки, боғнинг боғбони кетса, у боғ хароба бўлади. Иморатнинг устуни бўлмаса, иморат қулаб, қолганларни босиб қолиши шубҳасиз. Ер юзида ҳаётнинг давом этиши учун оилани бало-қазолардан, ёт унсурлардан асраши учун, бахтиёрлилик, завқ-шавқ, умидворлик, орзу-ниятлар, муҳаббат, севги ва садоқат абадий бўлиши учун оила устунлари омон бўлсин. Оиладек қўрғон гуллаб-яшнайверсин.
Новотой ШОДИЕВА,
“Янгиқишлоқ” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.