Инсон баъзан ўз хатти-ҳаракати билан нафақат ўзининг, балки ўзгаларнинг бахтсизлигига ҳам сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Бу пайтда инсон қалбидаги ишонч туйғуларининг мустаҳкам деворларига ҳам дарз кетади.
“Қоратош” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Тозғора қишлоғида истиқомат қилувчи Лазиз Давлатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ўзи ва ўзгалар жонини ҳатарга қўйиш билан бир инсоннинг умрига зомин бўлди. Гап шундаки, Лазиз автомашина ҳайдашнинг ҳадисини олганман деб юрарди. Афсус, қаттиқ адашган экан.
Лазизнинг уйларига барча қавму қариндошлар яқин кунларда ўтказиладиган жиянининг суннат тўйи муносабати билан тўй маслаҳатига йиғиладиган бўлишди. Ҳамма оғаин-қариндошлар жам бўлади. Аммо, фақат опаси Манзура ва поччаси Ғулом ака кам. “Ахир, элга тўй дастурхони ёзадиган шуларку, уларсиз тўй маслаҳати қандоқ бўларкан” - хаёлидан ўтказди Лазизнинг отаси. Аксига олиб қизининг уйи ҳам узоғроқда. Шу пайт Лазизнинг ҳаёлига шумлик оралаб, опаси ва жиянларини олиб келишни ўз бўйнига олди. Нима қилибди, баҳонада акаси Жамшиднинг “NEXIA” русумли автомашинасини ҳайдаб кўришга муяссар бўлади.
Жамшид ака одатда ўзида қаттиқ чарчоқ аломатларини сезса ёки йигитчилик ана у “зормандадан” бир-икки қултум ичган бўлса, ҳеч қачон машина рулига ўтирмайди. У шу куни қўшни қишлоқдаги тўйда хизматчилик баҳона ўзида хорғинлик сезди. Уйига кела солиб, ётиб қолди. Шу пайт Лазиз келиб, опам, жиянларим, машина дедими хҳаёлида йўқ...
Лазиз акасига бир-икки гапиргандай бўлди-ю, ундан “нажот” чиқишини кутиб ҳам ўтирмай, шундоққина жавонда турган машина калитини олиб, ҳай-ю ҳайт деб жўнаб қолди. Опасининг уйига янги машинада борди. Жиянлари ёнига чопиб чиқишди. Лазиз ҳам ўзида йўқ хурсанд, опаси билан ҳол-аҳвол сўрашиб, вазиятни тушинтирди. Поччаси зарур иш билан туман марказига кетибди. У опаси ва тўртта жиянини олиб йўлга чиқди. Йўл нотекис, аммо Лазизнинг оёғи машина газига ёпишиб қолгандай тезлик борган сари юқориларди. Олдинги ўриндиқда ўтирган Аббосжоннинг қувончи ичига сиғмайди. Лазизнинг қулоғига опасининг “секинроқ ҳайда...” деган гаплари кирмайди...
Эжгант қишлоғининг ички йўлида у бошқарувни қўлдан чиқарди. Автомашина тормозини босди, лекин вақт ўтганди. Бу орада машина бир неча бор ағнаб олди. Ҳамма соғ-саломат, фақат жияни Аббосжон машъум автоҳалокатда вафот этган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан Лазиз Давлатовга Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан ҳукм ўқилди. Бироқ бу билан Аббосжон ортга қайтиб қолмайди-да. Лазиз ҳарактеридаги ўзбошимчалик бир умр виждон азобига қўйди, бир норасида гўдакнинг умрига ҳам зомин бўлди. Опасининг синган кўнглини қайтиб тиклаб бўлармиди.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.