Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги қонунининг 1-моддасида бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни таъминлаш учун бериши, шунингдек, Фуқаролик кодексининг 264-моддасида бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланиши, гаров закалат, ипотека, шунингдек ҳуқуқлар гарови шаклида ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
Одатда гаров шартномасида қарздор (гаровга қўювчи) гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) ўз талаби ва мажбурияти бўйича гаровга қўювчи томонидан гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан бошқа кредиторларга қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига ҳақли бўлади. Амалда эса гаров асосан закалат, ипотека, шунингдек ҳуқуқий гарови тарзида амал қилади.
Кундалик ҳаётимизда гаров шартномасининг ҳуқуқий шартларига амал қилмаган ҳолда, ўзаро оғзаки келишув орқали мазкур турдаги шартномаларни ҳам тузамиз. Яъни, фуқаролар ўртасида ўзаро бир-бирига ишонч туфайли гаров юзасидан низо ёки муаммолар кузатилмайди.
Бироқ, тарафлар ўртасида кейинчалик келишмовчиликлар натижасида низо судгача етиб бориб, судлар томонидан эса низони қонуний ҳал этишда бир қатор қийинчиликларнингужудга келишига сабаб бўлмоқда. Чунки, тарафлар гаров шартномасининг ҳуқуқий шартларига риоя қилмаганлиги натижасида низонинг қонуний ечимини топишини қийинлаштиради.
Гаров тўғрисидаги шартномада, қонун асосида вужудга келадиган гаровга нисбатан эса, қонунда гаровга қўювчи келгусида қўлга киритадиган ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар гарови назарда тутилиши мумкин.
Агар шартномада ёки қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мол-мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи мол-мулкнинг нарсаларини ва таркибий самарасини ҳам ўз ичига олади. Гаровга қўйилган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган самара, маҳсулот ва даромадларга нисбатан гаров ҳуқуқи шартномада назарда тутилган ҳолларда тадбиқ этилади.
Гаров тўғрисидаги шартномада томонларнинг номи, жойлашган манзили (яшаш жойи), гаров тури, гаров нарсаси ва унинг баҳоси, моҳияти, миқдори ва гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг бажарилиш муддати, гаровга қўйилган мол-мулкнинг рўйхати, шу билан бирга гаровга қўйилган мол-мулк тарафларнинг қайси бирида эканлиги кўрсатилади.
Гаров нарсасини баҳолаш гаровга қўювчи билан гаровга олувчи ўртасида келишувга кўра ёки баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ гаров нарсасини баҳолашдан ўтказиш орқали амалга оширилади.
Гаров тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилиши керак. Ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек нотариал тасдиқланиши керак бўлган шартномага мувофиқ олинадиган мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши талаб этилади. Ушбу қоидаларга риоя қилмаслик гаров тўғрисидаги шартноманинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.
Фуқаролик судларида гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан кредитга қайтариш ва фоизларни тўлаш тўғрисидаги даъволарни ҳал этишнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Хусусан, кредит ташкилоти ва гаровга қўювчи ўртасида мустақил гаров шартномаси шаклига эга ёки кредит шартномасига таркибий қисм бўлиб кириши мумкин бўлган ёзма гаров шартномаси мавжудлиги, агар қонун ҳужжатларида бундай шартномаларни рўйхатга олиш тартиби белгиланган бўлса, гаров шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, гаровга қўйилган мулк фақат мулкдорнинг розилиги билан кредиторга (гаровга олувчига) гаровга берилишини суд томонидан текшириш фуқаролик иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорининг қонунийлигини таъминлайди.
Фуқаролик кодексининг 744-моддаси 1-бандига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тараф (қарз олувчи)га шартномада назарда тутилган миқдор ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса, олинган пул суммасини тўлаш мажбуриятини олади.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳар бир фуқаро гаров шартномасининг моҳиятини, унинг ҳуқуқий оқибатларини тушуниб етиши, шартнома мажбуриятларига риоя қилиши, шу билан биргаликда, бошқаларнинг ҳам қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилиши лозим бўлади.
А.ДЖАБРИЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг раиси.