Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га асосан кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимлар ёзма равишда тарафлар томонидан имзоланган битта ҳужжат тузиш йўли билан амалга оширилади.
Фуқаролик кодексининг 110-моддасига мувофиқ кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ қуйидаги битимлар, жумладан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимлар, корхонани сотиш шартномаси, кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси, рента шартномаси, умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномаси ва қонунларда назарда тутилган бошқа битимлар нотариал тасдиқланиши шарт.
Кўчмас мулк ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда нотариуслар бу мулклар мулкдорга тегишли ёки тегишли эмаслигини текширади.
Кўчмас мулк ёки унинг бир қисми бошқа шахсга ўтказилаётганда, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат керак бўлиб, у қуйидагилардан бири бўлиши мумкин:
нотариал тасдиқланган шартномалар (келишувлар);
меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома;
эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушига мулк ҳуқуқи тўғрисида берилган гувоҳнома;
суд қарори (ҳал қилув қарори, ажрим ва бошқалар) ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган бино ва иншоотни бериш далолатномаси;
кўчмас мулк ёки унинг бир қисми аукционда сотиб олинганлигини тасдиқловчи аукцион натижалари тўғрисидаги баённома;
маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қурилиши тугалланган бинони, иншоотни, уйни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги комиссия далолатномасини тасдиқлаш ҳақидаги қарори (2018 йил 18 майга қадар);
қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси (2018 йил 18 майдан бошлаб);
кўчмас мулк ёки унинг бир қисмини очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома;
хусусийлаштирилган давлат биноси, иншооти, турар жойига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳужжатлар.
Кўчмас мулк ёки унинг бир қисми бошқа шахсга ўтказилаётганда, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга қуйидаги ҳужжатлар ҳам тақдим этилади:
коммунал хизматлар (газ таъминоти, совуқ сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш, иссиқлик таъминоти (марказий иситиш ва иссиқ сув таъминоти) бўйича хизматлар) ва электр энергияси учун тўланадиган мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар;
кадастр маълумотномаси;
солиқлар бўйича бюджет олдида қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома;
турар жойда доимий пропискада бўлган шахслар ҳақидаги ички ишлар органининг маълумотномаси;
кўчмас мулк ёки унинг бир қисми гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги.
Бунда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали коммунал хизмати ташкилотларидан қарздорликни аниқлаш электр ва газ таъминоти бўйича 2019 йил 1 январдан, иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш хизматлари бўйича 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.
И.УБАЙДУЛЛАЕВ,
туман Давлат нотариал идораси нотариуси.