Жўшда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 8 та маҳалла ҳудудида кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Белгиланган ишлар амалга оширилса, 5 мингга яқин оила мавжуд бўлган 3 минг 400 дан ортиқ хонадон обод бўлади. Натижада қишлоқ гўзал қиёфа касб этади, аҳоли руҳиятида ижобий ўзгариш юз беради.Ўтган ҳафтанинг шанба куни Жўш ҳудудида тозалик-ободончилик ишларини амалга ошириш мақсадида ҳашар уюштирилди. Унда тумандаги корхона, ташкилотлар қатори қўшни туманлардан ҳам ҳашарчилар келишди.
Эрталабдан бу ерда 20 га яқин юк машинаси, юкловчи ва текисловчи техникалар йўлларни текислаш, тош-шағал ётқизиш ишларини бажаришга киришиб кетишди. Чанг, лой бўлиб ётган кўчаларга қум тўкилиб, асфальтлаштириш ишлари олиб борилди. Марказий кўчада пиёдаларга қулайлик яратиш мақсадида йўлакчалар қуриш ишлари олиб борилди. Жўш марказидан Чиммос қишлоғичагача бўлган йўллардаги эски симёҚочлар алмаштирилиб, янги темирбетонлар, трансформаторлар ўрнатилди. Жўш марказига кираверишдаги кўприк сел келиши оқибатида таъмирталаб ҳолга келиб қолган эди. Ҳозир ушбу кўприкнинг бир қисми тўлиқ таъмирланиб, янада кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Катта Оқмачит маҳалласидаги 15-мактабгача таълим муассасаси таъмирталаб ҳолга келиб қолган эди. Дастур бўйича бу болалар боғчаси қайтадан қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда ишлар бошланиб кетган.
Ҳудуддаги мактаблар ҳам таъмирдан чиқарилиб, мебеллари янгиланмоқда. 41-умумтаълим мактабига спорт қуриш ишлари олиб борилмоқда. Мактаб ҳудудида 2 та мини футбол майдони қурилди.
Жўш деҳқон бозори тўлиқ бузиб ташланди ва унинг ўрнида замонавий лойиҳалар асосида деҳқон бозори қурилаяпти. Бозор тез орда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.Ҳашар давомида Жўшдаги аҳоли ҳовлилари тартибга келтирилиб, эскириб, ёғингарчиликдан сўнг дарз кетган деворлари сувоқланиб, ранг берилди. Тўғриси, Жўш ҳудудидаги баъзи бир аҳоли хонадонлари ҳали ҳам боқиғамлик ҳолатидан қутилмаган кўринади. Ҳамма жойда иш қизғин кетаётган пайтда баъзи бир хонадон эгалари уй-жойини тартибга келтиришни хаёлига келтиришмади. Ҳеч бўлмаганда томорқасига ишлов бериб, озиқ-овқат экинларини экишса, фойдадан холи бўлмас эди.
Жўш марказидан 5-6 километр узоқликдаги Қўрғон қишлоғидаги бахши-шоиримиз Эргаш Жуманбулбул ўғлининг уй-музейи тўлиқ қайтадан таъмирланиб, ободончилик ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда 3 миллиард сўмга яқин бюджет маблағи ҳисобидан қурилиш ишлари бажарилмоқда. Музей ҳовлиси мевали дарахтлардан ташқари, арча ва бошқа манзарали дарахтлар экилди. Бахши бобомизнинг ҳайкали ҳам қайтадан реконструкция қилиниб, атрофида зиёратчилар ташриф буюриши учун қўшимча ўриндиқлар ўрнатилди.
Хуллас, бу йил Жўшда иш қизғин. “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқнинг қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган бошқа ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Тез фурсат ичида белгиланган барча ишлар тугатилади. Шундан кейин бу қишлоқ инфратузилмаси тубдан ўзгаради.
Ш.ЗИЁДДИНОВ.
