Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзини янада юксалтириш, одамларнинг яшаш шароитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Туманимиздаги “Қўролос” ҳамда “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинлари “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди.
Айни кунларда бевосита туман ҳокимлиги ташаббуси билан ушбу маҳаллаларни энг гўзал ва обод маҳаллага айлантириш мақсадида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
- Мустақиллик маҳалласининг замонавий қиёфаси барчамизни қувонтирадиган даражада ўзгаради,-деди “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Ирзақулов. - Белгиланган режа асосида маҳалла ҳудудидаги икки қаватли аҳоли турар жойларининг том ва ташқи фасад қисми тўлиқ қайтадан таъмирдан чиқарилиб, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратилади. Маҳалла ҳудудида жойлашган 82-умумтаълим мактабида қарийб 2 миллиард 800 миллион сўмлик амалга оширилаётган жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Шунингдек, маҳалланинг асосий автомобиль йўли асфальт қилиниб, пиёдалар ва велосипед йўлаклари ажратилиб, атрофи гулзор ва манзарали дарахтлар экиладиган жаҳон андозалари талаблари даражасидаги йўлга айланади. Шунингдек, дастурда аҳоли турмуш шароити ва фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бошқа бир қатор эзгу ташаббусларни амалга ошириш режалаштирилган.
Дарҳақиқат, маҳаллада туман электр тармоқлари корхонаси томонидан асосий ва ички йўллардаги электр тармоғи симлари замонавийсига алмаштирилди. Эски электр тармоғи ўрнига янги тармоқ тортилиб, бетон устунлар қўйилди. 2 дона трансформатор мукаммал таъмирланиб, 1 дона янги трансформатор ўрнатилди.
Маҳалла ҳудудидаги газ қувурлари ҳам жорий таъмирланиб ва тўлиқ бўялиб, ишлар ҳали давом эттирилмоқда.
Мазкур маҳаллада таъмирлаш ишлари қизғин кетмоқда. Бу ерда, айниқса туман ободонлаштириш департаментининг ишчи-ходимлари ва маҳалла фаоллари билан биргаликда кўчаларни бегона ўтлардан, чиқиндилардан тозалаш ишларини олиб бормоқда.
Бу ишларга маҳалла аҳолиси ҳам қараб тургани йўқ. Улар томонидан ҳовлилар тартибга келтирилиб, девор қисмлари қайта таъмирдан чиқарилди, ранглаш ишлари олиб борилмоқда.
Умуман олганда, туманимиз марказидаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинига ижодий сафаримиз чоғида ҳали кўп иш бажарилиши лозимлигига гувоҳ бўлдик. Эришилган ютуқлар ўзимизники, улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бироқ, қишлоқ аҳлининг фаровонлиги учун буларни етарли, деб бўлмайди.
Ҳ.РАСУЛОВ.
Б.МАМАДИЁРОВ олган суратлар.