Жорий йилда Жўш қишлоғи “Обод қишлоқ” дастурига киритилиши муносабати билан ҳудудда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, мавжуд турар ва нотурар жой биноларини тартибга олиш, коммуникация тармоқлари, маиший хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш ва таъмирлаш, фуқароларни оммавий тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда яшаш шароитларини яхшилаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Касаба уюшмалари ташкилотлари вилоят бирлашмаси кенгаши ҳам Жўш ҳудудидаги 8 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар уй шароитлари ўрганилиб, моддий кўмак кўрсатилди.
- Таъкидлаш зарруки, бу каби хайрли ва эзгу ишлар энг аввало оилаларда, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуши сифатини оширишга хизмат қилмоқда,-деди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси С.Рафиқов. -Айниқса, ижтимоий-иқтисодий муаммолари мавжуд инсонларнинг мушкулини осон қилиб, кўнглини тоғдек юксалтирмоқда. Энг муҳими эҳтиёжманд инсонларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан Жўш ҳудудидаги Юқори Жўш, Жўш ота, Қўштамғали, Тоз, Чиммос, Чиноқ, Минишкор маҳалла фуқаролар йиғинидаги 40 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, хусусан, газ плиталари билан таъминланди.
Бундай ғамхўрликдан хурсанд бўлган оилалар вакиллари чин кўнгилдан ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди. Бундай тадбирлар йил давомида давом эттирилади.
А.ТЎХТАРОВ,
таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси.