Қадимдан ота-боболаримиз уй қуришни бошлашдан олдин унинг бичимига, яъни лойиҳасига аҳамиятни қаратишган. Унда кўпинча кун чиқиш, ботиш ва ҳаттоки шамол йўналиши ҳам инобатга олинган. Сатхи, ҳаво юриши, сув ҳовузи бўлиши каби бир қатор жиҳатларга эътиборни қаратишган. Уй қанчалик синчли ёки пахсали, томи лой бостирмали бўлмасин ўт чиқиши хавфининг олди олинган. Буни қарангки, истиқлол йилларида мулкчилик шакли ўзгариб, ҳар кимнинг ўз таъби ва орзу-ниятига яраша уй қуриш имкониятлари яратилди. Эскилари ўрнига замонавий, пурвиқор уй-жойлар бунёд этилди ва ҳовли тўйлар ўтказилди. Орзу-ҳавасли дунё, деганлари шу бўлса керакда.
Бири-биридан ҳашаматли ва чиройли уйларни кўриб кишида ҳавас ҳисси кучаяди, унданда чиройли, унданда ҳашаматли уйлар барпо этишга ҳаракат қилади. Аммо, бир-бирига мингашиб, орадаги ҳаво ўтиш йўллари, хавфсизлик жиҳатлари унутилган, меъёрий ҳужжат талабларига зид равишда қурилаётган уйлардаги ёнғин сабаб бўлувчи ҳолатларни кўриб кишида яна ҳайрат ҳисси ҳам уйҚониши ажабмас. Негаки, уйларга ўтказилган газ қувурлари, хоналардаги иситиш печлари дудбўронлари уйнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мос келмаслиги, яъни нотўғри қурилганлиги, ҳаво тортиш йўлакчаларининг қолдирилмаганлиги сингари омиллар вақти келиб уй эгасини доғда қолдириб, уйни ёниб, кулга айлантириши ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайди.
Агарда бирор кишига камчиликлари ҳусусида, айтиб ўт кетиши мумкин дегудек бўлсангиз, совуқ нафас қилманг, яхши ният қилинг, дея дашном бериши шубҳасиз. Уйлар ўртасидаги девор тўсиқларнинг йўқлиги эса бирон кишининг хонадонида ёнғин содир бўлса, иккинчи ва учинчисиникига ёки бошқа қўшниларникига ҳам ўтиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Туманимиз аҳолиси ўртасида ҳам бундай уйларни кўплаб учратиш мумкин. Уйлар ўртасида том ёпилган қисмидан 60 сантиметр баландликда қалинлиги икки ғишт бўйича бўлган девор тўсиқларни учратиш амри маҳол. Шунингдек, фуқаролар томонидан қурилаётган ошхона, тандирхона ва оғилхоналарнинг бир-бирига қўшилиб солиниши натижасида ёнғинлар ўтиб кетиши ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туманимизда содир бўлган ёнғинларнинг 30 фоизи фуқаролар ошхона, тандирхона, оғилхоналарига тўғри келиб, уларнинг асосий сабаблари очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланганлигидир. Хонадонларда хавфсизлик оралиқ масофаларини сақламасдан, боз устига турли хилдаги хас-хашакларни қўйиш мумкин эмаслигини била туриб, бу қоидаларга эътибор бермаган фуқаролар келиб чиққан ёнғин оқибатида кўп миқдорда моддий зарар кўрдилар.
Бир пайтлар газ ёқилғиси, газ плиталарисиз ҳам кун кечирган ота-боболаримиз бундай ҳамма шароит муҳайё ҳаётни орзу қилишган. Ҳозирги пайтда замонавий қурилган уйларни иситиш воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳатто гугурт чўписиз ёнаётган газ печлари хонадонларимизга кириб келмоқда. Аммо, қурилишдаги эҳтиётсизлик ҳануз эскича қолипда қолаётганлиги кишини таажжубга солади. Ахир, қанча маблағ сарфлаб қурган иморатингиз келажак авлодларга ҳам мерос қолишини ўйлаяпсизми, унда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинг.
А.ЮСУПОВ,
туман ЁХБ инспектори, лейтенант.
А.КУШБАКОВ,
НСМ ва ЖКБ ОЁМЈ ЁН ва ПГ кичик инспектори.