Болалигимнинг энг ўйинқароқ дамларини, товонимни ёрган чанг кўчалардан тортиб тетапоя бўлаётган ўсмирлигимнинг дайдиган кечаларини эсласам, ҳар доим юрагим ниманидир орзиқиб ҳапқиради. Табиатимга мос бир жиҳат борки, ҳар доим туртки бериб туради. Таққослаш. Шунгами топилган, топилмаган ва топилмайдиган сифатларни ҳар доим ҳаёлий тарозига қўяман. Бугунги шижоат ва ҳайратимни ўша ширин хотираларимнинг бир палласи босиб кетади гоҳида. Ҳар йили бахорнинг бошланиш кунлари қишлоқда ариқ тозалаш ишлари ҳашар қилинарди. Ҳозирда қумигача ташиб кетилаётган сойликларда шарқираб сув оқарди ўша маҳаллар. Қишлоқнинг каттаю кичиги белкурак, кетмон учта тўрттадан халта кўтариб келарди ҳашарга. То ариқлар тозаланиб, сувнинг банди очилгунча ўтадиган икки уч кун давомида, кеча ичилган винонинг газагидан тортиб фалончининг ўгай бобосигача жайдари ҳангомалар кетарди. Катталар каби фикрлайдиган кичиклар, кичикларгада ҳазил мутойиба қиладиган катталар иштирокида ариқлар очиларди. Бирор ким иморат солгудек бўлса эшитган ҳам эшитмаган ҳам елдек югурарди. Қишлоқда ҳашарга бормаслик «уят бўлади» атамаси билан талқин қилинарди. Жўралар билан боғ чопиш, томсувоқ ҳатто мол боқишгача ҳашар уюштирардик. Эшак билан булоқдан кунора сув таширдик. Катталар бош бўлиб тозалатишарди булоқнинг атрофини. Яқинда ишимдан меҳнат таътилига чиқиб беш олти кунимни ҳашар билан ўтказдим. Наздимда бугунги ҳашарлардан кечаги файзни топиб бўлмайдигандек туюлаверди. «Борганникига борилади», «Келганникига келинади» каби таърифлар жудаям кўплаб чалинди қулоғимга. Жонкуяр, кўнгилли деган гапларни топиб бўлмади. Яқин йиллар ичида «катта ҳашар» деб бонг урилган қабристонни ободонлаштириш ишларида ҳам кун ярмигача бўлган ғимир-ғимирдан бошқасига дуч келмадим. Неча йиллардан бери ҳашар йўли билан бўлади дейилган қабристон ҳужрасига боқиб эса топилган, топилмаган ва топилмайдиган сифатларни излаб қоламан қайерлардандир.
Ва яна ўша одатим, ҳаёлий тарози таққослашни бошлайди. «Кечаги куннинг одамлари ўзгарганми, ёки бугунги кунда кечаги файз йўқми?»
Ислом Али