Дунё аҳлини тобора домига тортиб бораётган коронавирус инфекциясига қарши кураш чора-тадбирларига риоя қилиш қатъий давом этар экан, мавзуга доир турли муаммо, мулоҳазалар бугунги кунгача “яшил” ҳудудлигича келаётган туман мутасаддиларини янада ҳушёр бўлишга ундаётгани рост.
-Карантин қоидалари бугун барчага бирдек риоя қилиши зарур бўлган ҳаётий муаммога айланди, - дейди туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Машҳура Шамсиева. – Шу кунгача 5 та тўй хонадон ҳовлисида, 30 кишилик намунавий, маҳалладагиларга ҳеч қандай ҳалақит бермаган ҳолда ўтказилди. Бу ҳам бўлса, юртимизда карантин эълон қилинмай туриб, тўй куни белгиланиб қўйилган оила фарзандлари эди.
Фуқароларимиз кўпинча ўйламай-нетмай, гоҳида эса беписандлик билан тартиб-қоидаларни бузаётганига ҳам гувоҳ бўлдик. Бунда айрим идоралар мутасаддилари аҳолига зарур шарт-шароитни вақтида яратиб бермай, одамларни сарсон қилаётгани ҳам кутилмаган муаммога сабаб бўлди.
Масалан, “Халқ банки” туман филиалидаги банкоматнинг талабга жавоб бермаслиги, нақд пулларга эҳтиёжнинг юқорилиги сабаб аҳоли “Агробанк” туман филиали атрофига тўпланиб қолаётганлиги карантин вақтида тақиқланган навбат кутишни ҳам келтириб чиқармоқда.
Қишлоқларда, асосан, нақд пул билан савдо қилинишини ҳисобга олсак, бу муаммонинг кўлами янада аёнлашади. Бунда банк ёки банк ходимларини айблашга ҳам ҳаққимиз йўқ. Негаки, баъзи одамларнинг ўнтагача пластик карта билан банкоматга кириб, ярим соатлаб қолиб кетаяпти. Иссиқ кунда туман марказига камида 10-15 километр йўл босиб, яна турнақатор навбат кутишга кимнинг сабри, вақти етади?
Пандемия сабаб юртимизда бир қанча тақиқлар, зарурат бўлмаса уйда қолиш каби чекловлар жорий қилинди. Туманда ҳам бу борада аҳоли орасида ДСЭМ томонидан кўплаб профилактик-дизенфекция тадбирлари ўтказилди. Санитария-тарғибот ишлари эса 847 та суҳбат, 86 та маъруза тарзида, 35 маротаба радио-узел орқали аҳолига етказилди. Бундан ташқари, 8024 варақа, 435 та баннер ва 4047 та тиббий ниқоблар тарқатилган. Туманимиз “яшил” ҳудудлар тоифасида бўлгани билан қўшни туманлар, қолаверса бошқа вилоятлар бўйлаб тарқалган пандемия туфайли туманимиз халқи ҳам азият чекиши мумкинку? Ахир бу синовли кунларни биргаликда енгишни мақсад қилган эканмиз, биздан талаб қилинаётгани ҳам сабр-тоқат билан карантин қоидаларига риоя қилишдир.
Д.ҲАСАНОВА.