Қабрларни зиёрат қилиш хайрли иш эканлигини сингдириш, бир сўз билан айтганда, мазкур манзилларда ҳам инсонлар ётганлигини эсдан чиқармаслик ҳақида кўп бора гапирилади.
Қабристонларнинг аҳволини ўрганиш мақсадида Қўшоғоч, Қовунчи, Навкат қишлоқларида бўлдик.
Очиғини айтиш керак, Қўшоғоч, Қовунчи қишлоғида жойлашган қабристонларда тозалаш ишлари олиб борилгани кўриниб турибди. Навкат қишлоғидаги қарийиб 20 гектар жойни эгаллаган қабристонда ҳам кириш жойларида ҳашар уюштирилиб, тозалаш ишлари олиб борилган. Лекин қабристоннинг иккинчи қисмига ўтганингизда бунинг аксини кўрасиз. Қабрлар атрофини ўт-ўланлар босиб кетганлигининг гувоҳи бўласиз.
Яна бир қабристон “Навкат” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Чибинадир қишлоғида жойлашган экан. Афсуски, бу қабристон деярли унутилган шекилли, ҳаммаёқни ўт босиб кетганлигидан, қабрлар деярли кўринмай қолган. Бу қабристон рўйхатга ҳам олинмаган шекилли, қоровули ҳам йўқ. Хўш, аҳоличи? Яқинлари ётган бу мангу қўналғани тозалаш ишларини олиб борса бўлмайдими?
Қабристон фақат арафа, ҳайит, рамазон ёки бошқа байрамлар кунлари эмас, мунтазам эътиборда бўлиши лозим. Маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар жамоалари ташаббус кўрсатиб, яқин ҳудудлардаги қабристонлар, қариндош-уруғларининг хилхоналарини тозалаб, обод этишга бош қўшсалар, қабристонларни ободонлаштириш ишларига бел боғласалар, айни муддао бўлар эди. Ахир, яқинларимиз ётган қабрни ўзимиз тозаламасак, биров келиб тозалаб кетмайди-ку.
Ш.ЗИЁДДИНОВ,
Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими бошлиғи.
И.БОБОҚУЛОВ,
“Истиқбол сари” газетаси мухбири.