Халқимиз азал-азалдан байрамларни, қутлуғ кунларни ўзгача тайёргарлик билан қаршилайди. Аввало, кўчаю гузарларни, хонадон ва ҳовлиларни тартибга келтириб, тозалик ва орасталикни бош масала қилиб белгилайди. Энг улуғ, энг азиз айём арафасида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари халқимизнинг жипслиги, бирдамлиги, аҳиллигини яна бир карра намойиш этди.
Мазкур умумхалқ хайрия ҳашари Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик тўйига муносиб тайёргарлик кўриш, мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида халқимизнинг дахлдорлик ҳиссини янада кучайтириш, жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик, саховат, беғараз ёрдам, ўзгаларга хайрихоҳлик туйғуларини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
- Ҳашарда ҳар бир маҳалладошимиз ўз ҳовлиси, маҳалласида тозалаш, ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этди,-дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раиси ўринбосари Н.Болмонов. -Икки кунлик умумхалқ хайрия ҳашари давомида 63 гектардан зиёд майдонлар ободонлаштирилди ва тозаланди. 117 тоннадан ортиқ чиқиндилар чиқариб ташланди. 51 километрга яқин узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланди. 115 та қабристон ва 3 та зиёратгоҳ ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди. 37350 га яқин дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 21 та техника воситалари жалб этилди.
Шунингдек, ҳашар куни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатишга кўпроқ эътибор қаратилди. Хусусан, 37 та кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. 16 та эҳтиёжманд оилаларга, 28 дан зиёд ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий кўмак кўрсатилди.
Тадбир давомида шунингдек, корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар ҳудудларида, йўл ва йўлаклар, гузарлар, ариқлар, лотоклар, оқова сув йўлларида кенг қамровли ободонлаштириш ва тозалаш ишлари олиб борилди.
Буларнинг барчаси халқимизнинг азалий удуми бўлган ҳашарнинг онггу шууримизга қанчалик сингиб кетганидан далолат беради.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.