Қайси халқ, қайси миллат ҳақида гап бормасин, аввало, унинг зиёлилари, ёзувчию шоирлари эсга олинади. Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда.
Асл исми Иброҳим бўлган шоирни онаси Улжон, бувиси Зийрак момолар эркалатиб, Абай деб чақиришарди. Кейинчалик бу ном шоирнинг тахаллусига айланиб кетди.
Шоир туғилган Қорауй овулида адабий муҳит ҳукмрон эди. Овулга қадам ранжида қиладиган оқинларнинг айтимларини жон қулоқ бўлиб тинглар экан, ёш Абай қалбида ҳам бадииятга муҳаббат туйғулари учқунланиб борди. Бироқ Семейнинг эътиборли бойларидан саналган отаси Қўнонбойдан чўчиб, шеърларини бировга кўрсатишдан истиҳола қилиб юрди. Вақтли матбуот нашрларида фақат дўстларининг имзоси билан ўз ижод наъмуналарини чиқариб турди.
Абай ижод жараёнини қандайдир вазият тақозосича ёки ҳар хил баҳонаи сабабларни рўкач қилиш билан англамади. Балки Яратган ва қалби елкасига ортмоқлаган юкни бир умрлик қисмати деб билди. Шу важлар баҳонасида адабиёт уммонининг энг олис пучмоқларидан ҳам ўзликка етиш илинжи билан қозоқ адабиётида катта сўроқ остида қолаётган инсон муаммосига жавоб ахтарди. Аниқроғи, инсонга қозоқ нуқтайи назари билан ёндашишни ўз аъмолига айлантирди.
Ичи зар, сирти кумуш сўз яхшисин,
Келиштирар ким ҳам бор мўл қозоқдин?..
Адабиётнинг “асарда тасвирланган ҳар қандай воқелик инсон бўлиб тилга кирган ондан бутун инсониятга хизмат қилишни бошлайди” деган олтин қоидаси барча адабиёт муҳиблари учун адабий теоремага айланиб кетган. Шу маънода, Абай “Ўлан” шеърида инсоннинг асл “Мен”и масаласига тўхталиб:
Сўзни чертиб сўзласанг ҳар ким сийлар,
Мақол қўшиб сийларкан кекса бийлар.
Сўз – инсонни хайвондан фарқлантирган мўъжиза. Унинг таг замирини инсоннинг маънавий оламига даҳлдор онг, руҳ ва қалб бирлиги тақозо этади. Мазкур мисра орқали шоир сўзнинг қадр-қимматини инсон сўзлаётган гапини англаб, билиб сўзлаши билан белгилаб, бу жараёнда сайқалланган ва ўз вақтида айтилган сўзни мақолга қиёс қилади.
Ҳар қандай тилнинг тараққиёти ва қадимийлиги ўша тилда яратилган халқ оғзаки ижоди наъмуналари билан ўлчанади. Бежиз шоир мухтасар сўзни мақолга ўхшатмайди. Айнан фолъклор адабиётининг мақол жанрида кичик ва ихчам сўзлар ифодаси билан бутун бир роман хажмига эм бўладиган чуқур мазмун акс этади.
Шоир “Ўлан” шеърида инсондаги иккинчи билиш воситаси сўз масаласига тўла-тўкис мурожаат қилиб, унинг муайян шахс камолотидаги аҳамиятини халқчил, равон ва содда тилда очиб беради. Уни мутолаа қилиш асносида шоирга қўшилиб, кенг сайҳонликлар бўйлаб сайр қиласиз, дўмбира жўрлигида халқ оқинлари билан қўбиз чаласиз. Шеърнинг сарлавҳасидан ҳам қозоқ тупроғининг иси келади. Ўзбек фолъклорининг халқ термалари сингари ўлан айтимларида ҳам қардош қозоқ халқининг турмуши, кечмишлари, тарихи ва бугуни акс этади. ¤лан айтимлари ҳам эзмалик ва сохталикни хуш кўрмайди. Бундайлар қуйидаги мисраларда таъкидланганидек:
Қўлида ҳам қўбизи, ҳам дўмбира,
Ҳаммага мақтов ўқир қўймас сира.
Ўлан айтиб хайр тилар элни кезиб,
Сўзнинг қадрин ерга урар, бўяб хира.
Бадиий адабиётнинг ўқимишлилигини унда тасвирланган воқеликларга бадиий ўхшатишлар воситаси билан мурожаат қилиш, яъни метафора ёки истиораларга кенг урғу бериш таъминлайди. Шоир “Қиш” шеърида табиат тасвири билан ҳаётингизда учраб турадиган ёмон хулқли одамларнинг асл қиёфасини шундай чизади:
Оқ либосда, ғурч гавдали, оқ соқолли –
Сочган заҳри тирик жонга ғавғо солди.
Уст-энгили қировда ва турқи совуқ,
Қадамини ғарч-ғурч босиб келиб қолди.
Абай диний мавзуларга ҳам мурожаат қилиб, “Искандар”, “Масъуд”, “Азим ривояти” сингари тарози палласини босадиган, мазмуни бақувват асарлар ҳам яратди. Уларда инсон шахси муқаддас “Қуръони карим” оятлари ва ҳадислар воситасида очиб берилади. Инсон ҳарактеридаги қусурларни рад этиш сабабини айнан ўша мўътабар китоблардаги фикрлар билан асослаб берди.
Шоир ижоди ўзбек мумтоз адабиёти анъаналарига яқинлигининг боисини у ўзига Навоийни маънавий устоз деб билишини ҳамда муносабатини ўзбек халқи ҳусусидаги ушбу фикрлари билан изоҳлаш мумкин: “Ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, ўзбек савдогари қадами етмаган жой йўқ, улар ясамаган қуюм йўқ, аҳилликда яшашади, адоват қўзғашмайди, таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандчилик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми ҳаммаси уларда бор”.
Абай ижоди ҳамиша том маънода инсон камолотини сайқал топтиришда миллий қадрият ва анъаналар руҳига чайилган, ўзбек ва қардош қозоқ халқи яқинлигининг мустаҳкам кўприги бўлиб қолади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори эса бунга янада кенг йўл очади. Қарорга кўра, Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” асарлари, “Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўплами нашр этилади. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида юртимизнинг таниқли шоир ва ёзувчилар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ўтказилади.
Бундай тадбирлар буюк шоир ва мутафаккир Абай Қўнонбоевнинг ўлмас меросини нафақат ўрганишга, шу билан бирга ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
ЭЗГУЛИК ВА ДЎСТЛИК КУЙЧИСИ
Тўлқин ХАЛИЛОВ.