Шу кунларда мамлакатимизда юртдошларимиз меҳр-муҳаббат айёми бўлмиш Наврўзни катта тантана билан нишонламоқда. Тоғларни гуллар атрига буркаган навбаҳор насими ҳамал кирганини, қут-барака ва тўкин-сочинлик палласи бошланганини англатади. Ариқ бўйларида ялпиз-у чучмома тераётган қизалоқлар юз-кўзидаги хуш кайфият момолар дуоси билан дилларга кўчади. Яқиндагина ана шу қизалоқлар каби баҳор шамоли билан қувлашиб юрган тумандошимиз Яхшилиқова Раъно Илҳомиддин қизи ҳам орзулар пиллапоясидан кўтарилиб, бугун эришган муваффақиятлари билан ота-онаси, устозлари фахрига айланди.
Ҳа, бугун туманимиздаги барчанинг гап-сўзи Раънонинг Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритганлиги ҳақида бормоқда. Сабаби, ушбу мукофот билан туманимиздан ҳали биронта иқтидор соҳибаси тақдирлана олмаган эди.
Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи 3-курс талабаси Раъно болаликдан тасвирий санъатга қизиқди. У устози Музаффар Бегматов раҳбарлигида тинимсиз машқ қилиб, рассомчилик сир-асрорларини ўргана бошлайди. Бу эса ўз натижасини кўрсата бошлади.
Даставвал, у туманимизда ўтказилаётган турли хил танловларда қатнашиб, совринли ўринларни кирита бошлади. Тез орада мутахассислар эътирофига сазовор бўлишга эришади. Бу эса унинг вилоят, республика танловларида совриндорлар қаторидан ўрин олишига туртки бўлади.
Раъно бир неча халқаро танловларда ҳам иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритишга муяссар бўлади. 2016 йил давомида Эрон Ислом Республикасида ўтказилган “Теҳрон” 8-халқаро танловида “Сув” номинацияси бўйича, Руминияда ўтказилган “Голести” 6-халқаро танловида “Сўзаначи қизлар” номли расми билан 1-ўринни эгаллаб, олтин медал ва сертификат билан мукофотланади.
Шунингдек, ўша йили у Россия Федерациясида ўтказилган “Менинг кичик Ватаним” 2-халқаро танловда 2-ўрин, Колумбия Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси томонидан ўтказилган “Колумбия ва Россия халқаро дўстлик алоқалари” 3-халқаро танловида “Россия мусиқачилари Колумбия миллий байрамида” номли расми, Москва шаҳрида ўтказилган “Ёнғиндан сақланиш” бўйича 8-халқаро танловида “Итнинг қаҳрамонлиги” номли расми учун 3-ўринни эгаллаган бўлса, Россия Федерациясидаги Въетнам-Россия дўстлик жамияти томонидан ўтказилган “Мен Въетнамни чизаман, мен Россияни чизаман” 2-халқаро танловида “Аждодлар дўстлиги” номли расми учун лауреатлик дипломи билан мукофотланади.
Ўтган йил ҳам Раъно учун сермазмун йил бўлди. Колумбия Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси томонидан ўтказилган “Колумбия ва Россия халқаро дўстлик алоқалари” 3-халқаро танлови совриндори, Россия Федерацияси Ясная полянадаги Л.Н.Толъстойнинг Музей-қўриқхонаси томонидан ўтказилган “Табиатни асранг” Халқаро болалар расм-плакатлари танловида, Болгарияда ўтказилган “Нова загора” танловида ғолиблик дипломи билан мукофотланади.
Бундай танловлар рўйхатини яна давом эттиришимиз мумкин. Чунки, у деярли ҳар ойда камида икки ёки учта халқаро танловда иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой олади.
Буларнинг самараси ўлароқ, Раъно давлатимизнинг улуғ мукофотига сазовор бўлишга эришади ва шахсан Юртбошимизнинг ўзидан ушбу мукофотни қабул қилиб олади.
– Мамлакатимизда биз ёшларнинг жисмоний ва маънавий соғлом бўлиб улғайишимиз учун яратилган имкониятлар туфайли кўплаб ютуқларга эришдим,-дейди Раъно Яхшилиқова. -Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлишим, давлатимизнинг юксак ғамхўрлиги, тинимсиз изланишлар самараси, деб биламан. Биз ёшлар ана шу ишончни оқлаш мақсадида ўз билим ва иқтидоримизни она-Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши учун сафарбар этамиз. Чунки, ҳеч бир давлат ўз қизларини ўзбекистончалик севмайди, эъзозламайди.
Албатта, оиладаги муҳит ҳам Раънонинг бундай юксак марраларга эришишига туртки бўлган десак адашмаймиз. Раъно туманимизнинг “Булоқбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида туғилиб ўсган. Унинг ота-онаси Илҳомиддин Қувондиқов ва Дилфуза Умрзоқовалар ҳам ўқимишли, зиёли инсонлардир. Онаси 48-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Раъно оилада тўрт нафар фарзанднинг учинчиси икки акаси ва бир нафар синглиси бор.
Бугун Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлаётган иқтидорли қизларнинг сафи йилдан-йилга муносиблар билан бойиб бораётганлиги барчамиз учун фахрланарли. Энг муҳими, ҳаётининг ҳал қилувчи кучи бўлиб шаклланаётган ёшларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган бундай юртга таъзимлар қилсак арзийди.
Бир сўз билан айтганда, “Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман!” дея ўзбек халқига ташаккурлар айтиб яшаган, энг юксак жасорат соҳибаси бўлган Зулфия Исроилованинг пок ёди, қутлуғ номи издошлари ҳаёти ва ижодидан, эришаётган муваффақиятларидан гуркираб яшайверади, улуғланаверади.
туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.