Халқимизда оилани муқаддас, азиз ва ҳурматга сазовор деб ҳисобланади. Албатта, бу бежизга эмас. Чунки, оила жамият ичра кичик жамиятдир. Оилалар пайдо бўлиши ва ундан зуриёдларнинг дунёга келиши инсоният наслининг давом этиши омилидир. Шу билан бирга фарзандларни тарбиялаб, илмли, одобли, ҳар томонлама етук, халқи ва жамиятга нафи тегадиган бўлиб етишишида оила, яъни ота-она катта мактаб вазифасини ўтайди.
Афсуски, оиланинг муқаддаслигини тўлиқ англаб етмаган баъзи бир ёшлар арзимаган сабабларни рўкач қилиб, гулдек фарзандларни ота ёки она меҳрига зор қилиб, ажрашиб кетаётир. Оила ва унинг энг азиз неъмат эканлигини унутиб, бошқа давлатларга чиқиб кетаётганларнинг гувоҳи бўлаяпмиз. Бунда вояга етмаган болаларнинг тирик етим бўлиб қолишларига ачинасан киши.
Мамлакатимизда эътибор ва кўмакка муҳтож болаларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг тўлақонли таълим-тарбия олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши ва жамиятга мослашишини таъминлаш давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, вояга етмаган, ота-она қарамоғидан мосуво бўлган болаларга васийлик ва ҳомийлик қилиш борасидаги фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий негизини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Васийлик ва ҳомийлик органига ота-онасининг қаровисиз қолган болалар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Ушбу низомнинг 1-бандида васийлик ва ҳомийлик органига ота-онасининг қаровисиз қолган болалар тўғрисидаги маълумотларни болалар амалда яшаётган жойдаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этиш тартиби белгиланган.
Низомнинг 2-бандига асосан, ота-она вафот этганда ёки уларни суд томонидан вафот этган деб эълон қилганда, ота-онаси ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинганда, ота-она суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда, ота-она икки ойдан ортиқ касал бўлиб, оқибатда ота-оналик ҳуқуқини бажара олмаганда, ота-онаси олти ойдан кўпроқ улар билан яшамаганда, болалар қариндошларининг ёки бошқа кишиларнинг васийлик ёки ҳомийлигида бўлганида ва бошқа шу каби ҳолатларда болалар ота-онасининг қаровисиз қолганлиги тўғрисида уларга маълум бўлган фуқаролар томонидан вояга етмаганнинг яшаш ҳудудидаги халқ таълими бўлими ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик органига маълумот тақдим этилиши кўрсатилиб ўтилган.
-Жорий йилнинг олти ойи давомида 2 нафар вояга етмаган бола қариндошлари васийлигига ва яна 2 нафари ҳомийликка олинди, - дейди туман халқ таълими бўлими қошидаги болаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича бош мутахассиси С.Холманов. – Бундан ташқари яна 2 нафар вояга етмаган болалар Самарқанд шаҳридаги 1-сон меҳрибонлик уйида тарбияланмоқда. Вояга етмаган чин етим болалар туманимизда 24 нафарни ташкил этади.
Бу болаларнинг ҳолидан доимо хабар олиб турибмиз. Уларнинг кўнглини ўкситмаслик, ҳеч кимдан кам бўлмаслигини таъминлашга уринаяпмиз. Ўар байрам тадбирлари арафасида ҳомийларимиз томонидан уларга совҚа-саломлар улашилаяпти.
Болаларни тарбиялашда ота-оналарнинг ўрни ҳамда роли беқиёс ва ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Ота-оналар ҳамиша тўғри йўл тутишга ҳаракат қилишлари зарур. Бунинг учун ота-она фарзандларига яхши хулқлари билан ўрнак бўла олишлари, фарзандлари ҳаётдаги ўзларининг айнан акси эканликларини ҳеч қачон ёддан чиқармасликлари лозим.
Д.ҲАСАНОВА.