Республика «Оила» илмий-амалий тадқиқот Марказининг вилоят бўлими ҳамда вилоят Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Ибратли оила” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳар томонлама етук ва баркамол фарзандларни тарбиялаб вояга етказган, ўз оилаларида ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлаган, муқаддас урф-одат ва анъаналаримизни сақлаган, келажак наслларни муносиб инсонлар қилиб вояга етказиб, она-Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган оилаларнинг соҳиб ва соҳибалари иштирок этишди. Қувонарли жиҳати, туманимизнинг “Булоқбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Бахтиёр Бўтабоевлар оиласи ҳам “Ибратли оила” номинацияси бўйича совриндор бўлишди.
Оила – муқаддас қўрғон. Оила қадриятлари, асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъана ва урф-одатлар эса оиланинг ҳар бир аъзоси учун қадрли. Айниқса, нуроний отахон ва онахонларимизнинг ўзига хос ҳаётий тажрибалари жамиятимиз кўзгуси бўлган ибратли оилаларнинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Бахтиёр ака билан Зулхумор янганинг турмуш қурганликларига 40 йилдан ошди. Тўрт нафар фарзандни вояга етказишди. Оила бошлиғи Бахтиёр ака узоқ йиллар сув хўжалигида фаолият олиб борди. Иш фаолияти давомида ўзининг билимдонлиги, меҳнатсеварлиги билан ҳамкасблари орасида ўз обрў-эътиборига эга бўлди. Ҳозирги вақтда нафақа гаштини фарзанд ва набиралари қуршовида сурмоқда.
Бахтиёр ака ўзи истиқомат қиладиган Булоқбоши маҳалласининг оқсоқоли ҳам ҳисобланади. У киши бир жойда тиниб-тинчиб ўтирмайди. Доимо қишлоғининг фаровон бўлиши, аҳолига яхши турмуш шароити яратиш учун ҳаракат қилади.
“Булоқбоши” маҳалласи кейинги вақтларда анча кенгайиб, аҳоли сони ҳам кўпайди. Маҳалланинг ўртасидан катта сой жойлашган. Ҳудудда жойлашган 48-умумтаълим мактабида ўқувчилар сонининг кўпайганлиги боис ўқиш жараёнида анча қийинчиликлар учрар эди. Сойнинг иккинчи томонида ҳам маҳалла аҳолисининг фарзандлари мана шу мактабга қатнаб, таҳсил олар эди. Қиш ва баҳор ойларида ёғингарчиликнинг кўп бўлиши, сойдан сел келиши туфайли болалар мактабга қатнашга жуда қийналишар эди. Шунда оқсоқол қишлоқ аҳли билан келишиб, сойнинг иккинчи томонига ҳам янги мактаб биноси қуриб берилишини сўраб, давлат идораларига бир неча бор мурожаат қилади. Ниҳоят жорий йилда давлат инвестиция дастурига асосида 180 ўринга мўлжалланган 2 қаватли мактаб биноси қуриб битказилди ва ўқувчилар таҳсил олишни бошлашди.
Оила маҳалланинг барча тадбирларида иштирок этади, ёрдамга муҳтож оилаларнинг аҳволидан доим хабар олади ва уларга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам беради. Бўтабоевлар оиласининг фарзандлари ҳам жуда меҳнатсевар бўлиб тарбияланишган. Уларнинг катта қизи Маҳкамтош Тошкент медицина академиясида лаборант, яна бир қизи Мунаввар 48-умумтаълим мактаби директори, катта ўғли Даврон “Асакабанк” Самарқанд вилояти филиалида, кичик ўғли Йўлдош “Эшпўлат” фермер хўжалиги раиси бўлиб ишлайди.
Оила бошлиғи Бахтиёр ака нафақада бўлсада, тиниб тинчимайди. У кишини ҳар куни туман марказидаги ободонлаштириш ишлари билан шуғулланаётганини ҳам кўрасиз. Туманда бўлаётган янгиликлардан доимо хабардор бўлиб туради. Кенжа ўғлининг фермер хўжалиги ишларида ҳам ўзи бош-қош бўлиб туради.
-Оиладаги бахт меҳнат ва ўзаро ишонч орқали келади,-дейди Б.Бўтабоев. –Албатта, бу ўринда оилавий муносабатларда ўзаро меҳр-муҳаббат, камтаринлик, ширинсўзлик ва аҳил-иноқлик муҳим аҳамият касб этади.
Ҳ.РАСУЛОВ.