Заркент шаҳарчасидаги “Кончи” маданият уйида “Ибратли оила” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.
Халқимизда оила билан боғлиқ ўзига хосликни минг йиллар давомида ҳаёт синовларидан ўтиб келаётган никоҳнинг муқаддаслиги, ота-онанинг фарзандлар, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчи, ўзаро иззат-ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ибо-ҳаё, оила шаъни ва номусини асраш каби ҳамма бирдек итоат этадиган қонунлар мажмуасидан иборат, дейиш мумкин. Оила шаъни ва номусини пок сақлаш миллатимизнинг энг улуғ фазилатларидандир. Оила шаъни ва номусини асраш йўлида жон фидо қилишгача борган аждодларимиз жасоратлари тарихий асарлар, адабиётимиз, халқ оғзаки ижоди, санъатимиз орқали бизгача етиб келган. Буюк аждодларимиз ҳаётидаги кўплаб ибратли воқеалар оила билан Ватан муштарак тушунча бўлиб келганлигини исботлайди.
Таништирув, эркин мавзуда саҳна кўриниши, “Энг намунали китобхон оила” ҳамда интеллектуал салоҳиятни синовдан ўтказиш бўйича беллашган оилаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов низоми мезонлари асосида баҳолаб борилди.
— Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — оила институтини мустаҳкамлаш, энг аввало, «Соғлом оила — соғлом жамият» концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган, — деди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Шамсиева. - Шунингдек, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаб қолган ҳолда замонавий оила моделини шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини жамиятга сингдириш, ибратли оилаларни рағбатлантириш каби вазифаларни амалга ошириш назарда тутилган.
Танлов якунида "Энг ибратли оила” деб Ў.Назаровлар, “Ифтихорли оила” деб С.Эгамовлар, “Энг китобхон оила” деб Ш.Юсуповлар, “Энг аҳил оила” деб Р.Файзиевлар оиласи топилди. Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавхар Алимова иштирок этди.
Г.ЎРОЛОВА,
туман хотин-қизлар қўмитасининг етакчи мутахассиси.