Оила – жамият пойдевори, негизи бўлиб, кўп асрлик мустаҳкам маънавий таянчларга эгадир. Оила ҳақида фикр юритилар экан, энг аввало буюк юнон олими Аристотелнинг “Оила – бу кичик давлат, иқтисодиёт эса уй хўжалиги (оила)ни юритиш санъати демакдир” деган таърифи ёдга олинади. Бизнинг мамлакатимизда оилага бўлган эътибор азалий қадриятлар, миллий урф-одатлар билан чамбарчас боғланган ҳолда кўзга ташланади. Оила, жамият ва давлат тушунчалари доимо уйғунликда, муштарак ҳолда тилга олинади.
Фарзандларнинг бағри бутун бўлиб улғайиши учун энг аввало оилада аҳил, тотув муҳит ҳукм суриши керак. Шу боис ота-боболаримиз ўғил уйлаб, қиз чиқараётганда бўлғуси оиланинг тинчлиги, мустаҳкамлигини сақлашга астойдил ҳаракат қилишган.
Маърифатпарвар шоир Фитрат шундай деган: ҳар бир оиланинг саодати ва иззати шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса миллат оилаларининг интизомига таянади, мамлакат ва миллатлар ҳам шунча кучли бўлади. Агарда бир мамлакатнинг аҳолиси аҳлоқсиз ва жоҳиллик билан оилавий муносабатларни заифлаштириб юборса ва интизомсизликка йул қўйса, шунда бу миллатнинг саодати ва ҳаёти шубҳа остида қолади.
Оилаларни хўжалик деб қарайдиган бўлсак, уни юритиш маҳоратини ҳар бир оила аъзосида шакллантирмоқ кераклигини ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида барчамиз бирдек тушуниб етмоқдамиз. Хўш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда оила аъзолари нималарга эътибор беришлари керак, иқтисодий муаммоларини қандай қилиб ҳал этмоқлари керак? Дейлик, оилада пул танқислиги муаммоси мавжуд, бундай пайтда эркак ҳам, аёл ҳам масалани қандай ҳал этадилар? Психолог олимлар тадқиқотларига кўра, оилада инқирозларнинг 43 фоизи иқтисодий муаммолар, 27 фоизи оила аъзолари (қайнона-қайнота ва ҳ.к.) билан муросага келмаслик, қолган 30 фоизи эса ёшларнинг характерлари бир-бирига тўғри келмасликлари билан баҳоланар экан. Демак, биз оилалар мустаҳкамлигини сақлашда энг аввало оила аъзоларининг иқтисодий саводхонлигини оширишимиз даркор.
Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътиборни талаб қилувчи ҳолатдир.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ мамлакатимизда оиланинг ижтимоий негизини мустаҳкамлашга ҳамда барқарорлигига эришишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, оила тинчлиги ва осойишталиги жамият барқарорлигининг асосий омилидир. Юртбошимиз ташаббуси билан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга эътиборни кучайтириш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза этиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш каби эзгу ниятлар мужассам бўлиб, бу масалалар бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги сир эмас.
Бироқ, афсус билан қайд этиш жоизки, Ҳукуматимиз ва фаол жамоатчилик томонидан мунтазам равишда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга қарамай, оилаларда ажралиш ҳолатлари учраб турибди.
Ажралишларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, бу салбий иллатга ўзаро келишмовчилик, аёлларнинг бозорга чиқиб кетиши, эркакларнинг ишламаслиги, иқтисодий қийинчилик, рашк, хиёнат каби омиллар сабаб бўлмоқда. Аксарият оилаларда ажралиш ҳолатлари 18 дан 30 ёшгача бўлган фуқаролар томонидан қайд этилмоқда.
Ҳуда-беҳудага оилани барбод этиш, албатта болалар тарбиясига салбий таъсир этади. Боланинг уволи тутади, дейишади қариялар. Дарҳақиқат, увол-савобни билмайдиган, норасидаларнинг етим қолишини ўйламайдиган ота-оналар орамизда бор. Бундай ҳолатнинг вужудга келиши бош омили – уларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлигидан, маънавиятсизлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам улар ажралиш ҳолати қандай оқибатларга олиб келишини тушуниб етмайдилар. Ажралиш туфайли нотўлиқ оила вужудга келади. Айни кунда ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аёллар ва вояга етмаган болалар нотўлиқ оилалардан эканлиги кузатилмоқда.
Туманимиздаги оилаларда юз бераётган ажралишлар сабаблари ўрганилганда, оилада фарзанд бўлмаганлиги, эр-хотиннинг ўзаро характерлари тўғри келмаганлиги, ишсизлик туфайли иқтисодий аҳволи оғирлиги ва бошқалар кўрсатилмоқда.
Келишмовчилик ва оилавий жанжаллар эса жамиятга ҳамда оилага ҳам иқтисодий, ҳам маънавий зарар келтириши табиийлигини унутмаслик керак. Негаки, оилавий келишмовчиликлар туфайли эр ва хотин аксарият ҳолларда никоҳни бекор қилиш, алимент олиш, уй-жой, мол-мулк ажратишни сўраб суд идораларига мурожаат қиладилар. Натижада барбод бўлган оилаларда вояга етган фарзандларнинг маънавий тарбияси жамиятнинг оғриқли нуқтасига айланади.
Мулоқотлар давомида шу нарсага амин бўлдикки, агар маҳаллалар қошида ташкил этилган яраштириш комиссиялари фаолиятини жонлантириб, уларга маҳалладаги энг намунали оила вакиллари ва фаол аёлларни жалб этсак, арзимаган сабаблар билан бошланган келишмовчиликни қайнона-келинларга тўғри тушунтирсак, ажримларнинг олдини олиш мумкин.
Хуллас, оила ҳамжиҳат, аҳил ва тотув бўлса, миллатимизга ёт бўлган ва бугуннинг долзарб муаммосига айланган оилавий ажримларга барҳам берилади. Эр ва хотин иноқликда тинч-тотув ҳаёт кечирадилар. Улар тарбиялаётган фарзандлар жамият мустаҳкамлигига ҳалол ва фидойи хизмат қиладиган баркамолликка ва маънавий етукликка эришадилар.
Гулчирой ЯРҚУЛОВА,
туман ФХДЁ бўлими мудираси.