Тумандаги оилавий низолар, ажримларни ўрганиш жараёнида ҳар битта оиланинг муаммоси бир-бирига ўхшамаслигини кузатдик. Айниқса, бугунги кунда ёш оилаларнинг турмушга енгил-елпи қараётганлиги, баъзан уларнинг оила қуришга тайёр эмасликларини, оилавий муаммолар пайдо бўлганда, унга қарши ечим топишга қийналаётганликларини кузатиш мумкин. Кўпгина ҳолларда келинларимизнинг озгина сабрлари етишмаслиги, тилига эрк бериб юборишлари, қайнота-қайнонага нисбатан ҳурматсизлик ёки эрнинг вақтинча ишсизлиги натижасида уни писанд қилмаслик туфайли ҳам оилавий низолар пайдо бўлмоқда. Нохушликлар оқибатида келинларнинг ота уйига қайтиб кетишига сабаб бўлиб, ўртада фарзандлар сарсон бўлиб қолмоқда.
Баъзи низоли оилаларга борганимизда, эр-хотин бир-бирининг устига шундай “мағзава” ағдаришадики, ҳайрон қоласан. Арзимаган гап-сўз учун бўҳтону туҳматлар охир-оқибат эр-хотин ўртасига совуқчилик тушишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Маҳаллаларимиздаги 81 нафар низоли, нотинч оилалар ўрганилганда оилавий келишмовчиликларнинг 40 фоизи спиртли ичимликларни истеъмол қилиш натижасида, 17-20 фоизи учинчи шахс (қайнона, қайнота, қайнука ва қайнсингиллар) аралашуви натижасида ва қолганлари фарзандсизлик ҳамда бошқа сабабларга кўра келиб чиққан.
Оилаларда бир-бировини ҳурмат қилмаслик, фикрларини инобатга олмаслик, ўзаро тушунмовчиликлар нотинчликни юзага келтираётгани бор гап.
Ажримлар сабаб неча-неча норасида гўдакларнинг етим бўлиб қолаётганлигини ўйлаш жуда оғир. Уларнинг келгусидаги ҳаёти нима бўлади, деган савол эса янада азобли.
Оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида ҳам манзилли ишлашимиз шарт. Бунда ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни аниқлаб олиш ва уларнинг муаммоларини кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда ҳал қилишимиз керак. Бунинг учун маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, яраштирув комиссияси аъзолари томонидан низоли оилалар вақтида аниқланиб, жойлардаги кекса отахону онахонларнинг панд-насиҳатларидан, тажрибаларидан, кўмагидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Тўғрисини айтиш керакки, маҳаллаларда ташкил этилган яраштирув комиссиялари қониқарсиз фаолият олиб бормоқда. Кўпгина ҳолларда яраштириш фақатгина хотин-қизлар билан ишлаш, оилада маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларнинг зиммасига тушиб қолмоқда. Вақтида аниқланмаган оилавий низолар ажримларга боргандагина мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишади. Бу пайтда эса анча кеч бўлган бўлади. Улар шу даражада чуқурлашиб кетадики, бу оилани сақлаб қолишнинг иложи бўлмай қолади.
Шунинг учун оилалар билан ишлашда нотинч оилаларнинг психологик вазиятидан келиб чиққан ҳолда, оиланинг ички иқтисодий, маънавий даражасини ўрганган ҳолда муаммолар ечимини топишга ҳаракат қилиш зарурдир.
М.ШАМСИЕВА,
туман хокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.
И.ЎРАЛОВ,
“Оила” маркази туман бўлими раҳбари.