Туман марказидаги 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда тумандаги умумтаълим мактаблари бошланғич ташкилот етакчилари, ижтимоий кўмакка муҳтож оила ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Самарқанд давлат чет тиллар институти профессори Р.Шодиев таъкидладики, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда қайд этилганидек, республикамизда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга, улар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Шу билан бирга, республикамиздаги диний ташкилотлар мустақил ҳуқуқий шахс сифатида ер майдони ва уй-жойига эга бўлиш, диний адабиётларни нашр этиш, диний мутахассислар тайёрлаш, турли тадбирлар ўтказиш, муқаддас жойларга зиёратлар ташкил этишлари учун барча имкониятларга эгадирлар.
-Мустақилликнинг дастлабки кунларидан олиб борилган одилона сиёсатнинг самараси, шунингдек, азалий халқимизнинг юксак фазилатлари сабаб бугун барча миллат ва дин вакиллари юртимизда тинч ва аҳил яшаб, ҳаёт кечирмоқдалар,-деди Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят бўлими мутахассиси Н.Темирова. -Айниқса, Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ўаракатлар стратегиясини тасдиқлагани ва бу йўналишнинг бешинчи бандида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний баҚрикенгликни таъминлаш каби масалаларнинг устувор йўналиш сифатида белгиланиши ҳам давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.
Тадбирда, шунингдек “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилояти бошқармаси бош мутахассиси Г.Ҳусаинова, “Ногиронлар” жамияти вилоят кенгаши раиси Д.Пардаев, туман ҳокими ўринбосари Б.Мусулмонов иштирок этди.
Давра суҳбати иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар олишди.
Ўз мухбиримиз.