Тумандошимиз Маржона Авазова энди йигирма ёшга кирди. Лекин шу пайтгача спортнинг армрестлинг тури бўйича ўн карра Ўзбекистон чемпиони, жаҳон ва осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Маржона билан суҳбатлашар эканмиз, унинг спортга бўлган қизиқиши, оиласи, армрестлинг спорт тури билан шуғулланишга ким туртки бергани ҳақида илҳомланиб гапириб берди.
- Болалигимда негадир ўғил болалар билан ўйнашни яхши кўрардим,-дейди М.Авазова. -Ўша пайтларда болалар орасида “қўл кураши” (армрестлинг) ўйини машҳур эди. Бу ўйинда бир қанча ўғил болалар билан баҳс олиб бориб, “попугини пасайтириб” қўйганим эсимда. Отам менинг бу ўйинларимни кузатиб турар экан. Ўзи қишлоғимизда жойлашган фермер хўжалигида ишчи эди. Менинг бу спорт турига бўлган шаштимни кўриб, туман марказидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига етаклаб борди. Ўзи ҳам ҳарбий хизматда ўрганган тажрибаларини ўргата бошлади.
Шундай қилиб мен отам кўмагида туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига армрестлинг спорт тури билан шуғуллана бошладим. Бу ерда менга устозим Холмирза Қуролов ушбу спорт турининг сир-асрорларини ўргатди. Мактабни битириб Самарқанд шаҳридаги олимпия заҳиралари коллежида ҳам ўқиб, ушбу спорт тури билан шуғулландим.
Астойдил шуғулланишларим, устозларимнинг берган кўрсатмалари билан ўн карра Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Шунингдек, Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳамда Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида яқиндагина якунига етган Осиё чемпионатида биринчиликни қўлга киритдим. Албатта, ушбу ютуқларимнинг ортида яна бир устозим – халқаро спорт устаси Неъматуллаев Султоннинг ҳам хизматлари беқиёс.
Маржонанинг ҳали орзулари осмон. Бу орзулар томон қанот чиқариб учмоққа унда ҳамма нарса - билим, куч-қувват, энг асосийси ўзига бўлган ишонч мужассам. Орзуларинг доимо амалга ошсин, янги-янги марралар сари интилишингда омадлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.