Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Қурол тўғрисидаги" Қонунини имзолади. Хўш аслида бу қонун нега керак, амалдаги тартиб қанақа?
Заркент шаҳарчасидаги ҳарбий қисмда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари харбий хизматчилар билан "Қурол, ўқ-отар воситаларидан тўғри фойдаланиш ва хавфсизлик чоралари" мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Ҳозирги кунда тегишли рухсатнома асосида маълум турдаги қуроллардан фойдаланиш мумкин. Бу соҳа жами 10 дан ортиқ қонун ҳужжати билан тартибга солинади. Лекин шу билан бир қаторда ўша ҳужжатлар ҳам қамраб олмаган кўплаб жиҳатлар мавжуд.
Масалан, сўнгги пайтларда юртимизга кириб келаётган, бемалол сотиб олиш мумкин бўлган пневматик, газли ва электр қуроллари муомаласи етарлича тартибга солинмаган.
Мазкур қонун билан ушбу масала ҳам тартибга солинадиган бўлди.
Хусусан, қонунда фуқаролар ов (милтиқ, ов пичоғи ва ҳ.к.) ва спорт (ўқотар қурол, камон, найза, қилич, пневматик қурол ва ҳ.к) билан шуғулланиш учун, шунингдек ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиш учун қуролга (газли, электрошок) эгалик қилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Яъни, ов қуролидан фақат ов мақсадларида, спорт қуролидан мусобақалар ва машҚулотлар жараёнида фойдаланиш лозим.
Кўриниб турибдики, айримлар тахмин қилаётгандай фуқаролар исталган турдаги қуролга эгалик қила олмайди. Бу борада қатъий чеклов ўрнатилган.
Шу билан бирга, қонунда пневматик қурол, газли қуролларга ҳам тушунчалар берилиб, уларнинг қурол туркумига киритилиши ҳамда улардан фойдаланишнинг аниқ тартиби белгилаб берилмоқда.
Қонунга кўра фуқаролар эндиликда қурол (ов қуроли, спорт қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли) олиш учун рухсатномани Миллий гвардиядан олиши мумкин.
Албатта, бу жараёнда фуқаролар текширилиб кўрилади, жумладан, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлар, жиноят иши қўзғатилганлар ёки жиноий жазони ўтаётганлар, қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлари мавжуд фуқаролар ёхуд жамият учун хавфли бўлган шахсларга рухсат берилмайди.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мазкур қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини ҳимоялашга, жамият ва давлат манфаатларини таъминлашга, шунингдек ғайриқонуний тажовузлардан зарурий мудофаа ҳуқуқини амалга ошириш учун шарт-шароитларини янада мустаҳкамлашга ҳамда республикада қуролнинг ноқонуний муомаласининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Тадбирда ҳарбий хизматчиларга ўзларига бириктирилган қуролларни масъулият билан сақлашлари, айниқса фуқаролар бор жойларда эҳтиет қилишлари лозимлиги тушинтирилди.
Ўктам ДЖУМАМУРАДОВ,
ҳарбий қисм штаб бошлиҚи.