“Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости ходимлари қурол-яроғ ва ўқ-дориларнинг божхона чегараси орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарлигини фош этишди.
Хусусан, “Самарқанд” халқаро аэропортига “Внуково-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ч.С. “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида унинг безовталаниши божхоначиларнинг эътиборини тортди.
Шундан сўнг, божхона ходимлари фуқарога тегишли багаж сумкани холислар иштирокида кўздан кечиришади. Натижада сумка ичидан Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган 50 дона 12/70 мм калибрли “Tul Ammo” номли ов қуроли гилзаларини яшириб ўтаётганлиги аниқланди.
Фуқаро Ч.С.нинг ов қуроли гилзаларини олиб келаётганини божхона ходимларининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаганлиги ойдинлашди ҳамда унга нисбатан божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан 3 та ҳолатда 121 та гилзалар ноқонуний олиб кирилишининг олди олинди.
Самарқанд вилояти Божхона бошқармаси ахборот хизмати.