Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
«Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир», — дейилади ҳужжатда.
Бу тарихий ҳужжатда таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида — давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.
Шу сабабли юртимиз мустақилликка илк қадамларини ташлаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини фахр-ифтихор билан эслаймиз. Бу тарихий ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари — ўқитувчилар, тилшунослар, умуман ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллий ғурур эканлигини ҳис этадиган, турли маънавий, мафкуравий таҳдидлар таъсирига тушмайдиган бўлиб етишади.
Дунё олимларининг эътирофига кўра, бугун кунда ер юзи аҳолиси 2 минг 976 хил тилда гаплашади. Бу тиллар ўзининг лексик ва грамматик хусусиятларига кўра оилалар ва гуруҳларга бўлинади. Жонажон ўзбек тили — она тилимиз хусусида сўз кетганда, унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқега эга эканлигини кўрамиз. Она тилимиз — ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Айни пайтда тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун ҳам беқиёс имконият яратилди.
Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам тилнинг софлигига путур етади. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли ўзбек тилининг ҳудудимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги қонуни уч принципга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Шу маънода ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилида сўзлай олиш ва уни ҳурмат қилишга мажбурдир.
Ўзбек адабий тили туркий тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, у мустақил тил сифатида XI асрдан бошлаб шакллана бошлади ва то ҳозирги кунимизгача бу тилда кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилди. Хусусан, Махмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий”, шунингдек, Атойи, Саккокий, Сайфи Сароий, Лутфийларнинг яратган бой илмий-адабий меросларини тилга олиш мумкин.
Айниқса, туркий тилнинг беқиёс имкониятларини кўрсатишда Алишер Навоийнинг буюк хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳазратнинг нафақат бадиият, балки тилшуносликка бағишланган “Муҳокомат ул-луғатайн”, яъни “Икки тил муҳокамаси” номли асари шу соҳадаги қиёси йўқ манба ҳисобланади.
Қолаверса, шоҳ ва шоир Бобур Мирзонинг жонажон тилимизда яратган гўзал асарлари бугун ҳам ўқувчилар томонидан севиб мутолаа қилинади. Албатта, она тилимизнинг тараққиёти юқорида номлари келтирилган буюк аждодларимизнинг юксак муҳаббатида кўриниб туради.
Тил — миллатимиз фахри, ғуруридир. Айни чоғда орзу-умидларимиз, истиқлолимиз унда бўй кўрсатадиган, қалбимиз ойнаси ҳамдир. Шундай экан, она тилимизга доимо ҳурмат ва эътиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, тил бор экан миллат барҳаёт, унинг истиқболи нурли ва чароҚондир.
Ҳ.РАСУЛОВ.