Туман марказидаги 5-сон мактабгача таълим муассасасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. Унда ота-оналар, тумандаги мактабгача таълим муассасалари мудиралари иштирок этди.
Даставвал МТМга ташриф буюрган меҳмонлар боғча тарбияланувчилари томонидан қўл меҳнати ёрдамида тайёрланган ўйинчоқлар, қоғоз ва матолардан ишланган турли ҳилдаги жониворлар макети, пластилиндан ясалган эртак қаҳрамонлари билан танишдилар.
Ота-оналарга тарбиячилар томонидан тарбияланувчилар билан “Очиқ дарс” машғулотлари ўтказилди. Унда болажонлар боғчада ўрганган шеър ва қўшиқларни баралла куйлашдилар. Шунингдек, ўзбек халқ эртаклари асосида театрлаштирилган “Олтин тухум” эртаги тадбирга ташриф буюрганларга манзур бўлди.
Сўнгра тадбир иштирокчилари мактабгача таълим муассасасида болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар ва қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
- Йиллар давомида фарзандларимиз ҳаминқадар шарт-шароит ва имкониятларга эга боғчаларда тарбия топиб келаётган эди, - дейди ота-оналардан М.Мамарасулова. – Президентимизга, туманимиз раҳбарларига раҳмат. Аҳоли гавжум яшовчи маҳалламизда жорий йилда замонавий боғча қурилиб, фойдаланишга топширилди. Боғчадаги шарт-шароитлардан биз ота-оналар мамнунмиз. Фарзандларимизнинг юзлари қувончдан порлаб шеър-у ашулаларни куйлаши биз ота-оналарни ҳам болалик чоғларига қайтаргандай бўлди.
Тадбирда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ў.Кўбаев иштирок этди.
Ислом БОБОҚУЛОВ.