Оқмачит маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Оқмачит қишлоғида яшовчи Ш.Шарипов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) не-не орзулар билан 1999 йилда М.Фармонова билан турмуш қуради. Натижада ўрталарида 2003 йил 19 март куни биринчи фарзанди Дилшод, 2004 йил 9 декабрь куни эса иккинчи фарзанди Яҳё туғилади. Афсуски, эр-хотин ўртасидаги ўзаро келишмовчилар бу оиланинг ўзаро ажралишига сабаб бўлади. Натижада икки нафар фарзанд М.Фармонова қарамоғида қолади.
Ўзаро никоҳдан ажрашгандан кейин Ш.Шарипов бошқа аёл билан оила қуради. Бу орада М.Фармонова Фукаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Суд томонидан М.Фармонованинг фойдасига икки нафар фарзанди учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларидан Ш.Шариповдан алимент ундириш бўйича суд буйруғи чиқарилади.
Афсуски, Ш.Шарипов суднинг буйруғига амал қилмасдан, алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келади. Оқибатда Маъмурий ишлар бўйича Қўшработ туман суди томонидан 2019 йил 14 январь кунидаги қарорига кўра ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади. Бироқ Ш.Шариповга бу ҳам таъсир қилмайди, яъни 2018 йил декабрь ойидан 2019 йил август ойига қадар М.Фармоновага тўланиши лозим бўлган 5 263 096 сўмни беришдан бўйин товлайди.
Шу сабабли Ш.Шариповга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Оила мустаҳкамлигини таъминловчи омиллардан бири фарзандлардир. Турмуш қуришдан асосий мақсад ҳам насл давомийлигини таъминлаш, зурриёт қолдириш ва унинг камолини кўришдан иборат. Оилада улғаядиган боланинг қандай инсон бўлиб шаклланиши биринчи навбатда ота-онага боғлиқ. Агар фарзандлар моддий томондан қийинчиликларга учраса келажакда қандай инсонлар бўлиб етиши мумкин? Шунинг учун ҳам турмуш қураётганда одобли ва салоҳиятли жуфт танлаш муҳимдир. Фарзанд тарбиясидаги энг муҳим бўлган бу босқич тўғри асосда амалга ошса, кейинги босқичлар ҳам ижобий натижа беришига замин яратилади.
И.ГАЛАБОЕВ,
мажбурий ижро бюроси туман бўлими суриштирувчиси.