Қандли диабет – эндокрин касалликлар қаторига мансуб бўлиб, инсулин гормонининг тўлиқ ёки қисман етишмовчилиги натижасида гипергликемия – қондаги глюкоза миқдорининг давомли ортиб бориши билан кечувчи, организмдаги моддалар алмашинув жараёнлари (углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз алмашинуви)нинг бузилиши ва қайтмас органик патологиялар келтириб чиқарувчи сурункали касаллик сифатида тавсифланади.
Диабетда буйрак шикастланиши - диабетик нефропатия бу касалликнинг энг оғир асоратларидан бири бўлиб, айниқса, инсулинга қарам бўлган беморлар ўлимининг асосий сабабчисидир. Диабетик нефропатия буйрак фаолияти етишмовчилигининг сўнгги босқичларида, иқтисодий жиҳатдан анча мураккаб бўлган “сунъий буйрак” аппаратида даволаниш ёки буйракни кўчириб ўтқазишга эҳтиёж туғилишига олиб келади.
Буйрак шикастланишининг биринчи, деярли сезилмайдиган белгилари 5 йил, баъзан 10 йил ўтгандан кейин пайдо бўлади. Одатда бу шикастланиш беморни безовта қилмайди.
10-15 йилдан кейин эса буйрак шикастланиши анча оғир даражага ошиб, аста-секин бажариш қобилиятини йўқота бошлайди ва бу сурункали буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради. Беморнинг аҳволи оғирлашади, ҳаттоки ўлимига ҳам сабабчи бўлиши мумкин.
Хўш, бу касалликнинг олдини олиш мумкинми? Ҳа, соғлом турмуш тарзига амал қилиб биз қандли диабет касаллигининг олдини олишимиз мумкин. Яъни:
-фаол жисмоний ҳаракатда бўлиш;
-тўғри овқатланиш тартибига риоя қилиш;
-тана вазнини меъёрда сақлаш;
-тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмаслик;
-руҳий тушкунликларга тушмаслик ҳолатлари қандли диабет касаллигининг олдини олишга имкон берувчи энг асосий омиллардир.
З.ЖЎРАЕВА,
вилоят эндокринология диспансери врачи.
Ш.МИКЛИЕВ,
туман врач-эндокринологи.