Ҳуқуқий давлатнинг шаклланиши ва ривожланишида мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун жамиятимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири – жиноятчиликка қарши курашдир. Шу боис катта ижтимоий хавфга эга бўлган жиноятлардан қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш жиноятлари алоҳида ўрин тутади. Бундай турдаги жиноятлар ҳозирги кунда ўта хавфли жиноятлар сифатида намоён бўлиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларга таҳдид солади.
Ўзбекистон Республикаси миллий Гвардияси Самарқанд вилояти Қўриқлаш бошқармаси 6-Алоҳида отряд ходимлари томонидан Қўшработ туманида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тарғибот-ташвиқотлари натижасида баъзи фуқароларимиз уйларида сақлаётган қурол-аслаҳа, ўқ-дориларни ихтиёрий равишда топширишмоқда.
Жумладан, А.Т. 16-русумли ов қуролини ўз ихтиёри билан топширди. Натижада ов қуролини ихтиёрий равишда топширганлиги учун жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Агар ўқотар қуроллар, уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини тегишли рухсатномасиз сақлаб келаётган бўлсангиз ёки топиб олсангиз ихтиёрий равишда ички ишлар органларига топширинг, бу билан Сиз нафақат жавобгарликдан озод қилинасиз, шу билан биргаликда келиб чиқиши бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олган бўласиз.
М.ҲУСАНОВ,
Қўриқлаш бошқармаси 6-отряд гуруҳ командири.