Маълумки, бугунги ривожланиб бораётган ҳар қандай давлатда меҳнат муносабатларининг ўрни беқиёсдир. Миллий қонунчилигимиз бош Қомуси бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир” деб белгилаб қўйилгани бежиз эмас.
Мазкур конституцион норманинг таъминланиши, яъни ушбу ҳуқуқларни амалга оширишга шарт-шароит яратиб берувчи ва меҳнат ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи нормалар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ўз ифодасини топган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси қабул қилинганлигига чорак аср бўлди. Бу давр мобайнида унга бир қанча ўзгартиришлар киритилганлигига қарамасдан, унинг нормаларини амалиётга қўллаш жараёнида кўплаб муаммоларга дуч келинмоқда. Чунки бугунги глобаллашув шароитида янги-янги меҳнат муносабатлари вужудга келмоқдаки, мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган амалдаги кодекс уларни қамраб ололмаганлиги сабабли тартибга солиб беролмаяпти.
Айниқса, меҳнат шартномасини иш берувчи томонидан бекор қилиниши жараёнида ходим ва иш берувчи ўртасида кўплаб келишмовчиликларнинг рўй бермоқда, бунинг натижасида судларда меҳнат низолари борган сари кўпайиб бормоқда.
Меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилинишига оид норма бу асосан Меҳнат кодексининг 100-моддасидир. Бунда қонун ходимнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимоясини таъминлаш нуқтаи назаридан унга компенсацион тўловлар ва кафолатлар тўланиши лозимлигини назарда тутади.
Аммо жуда кўпчилик холатларда иш берувчи томонидан меҳнат шартномасининг асосларини нотўғри қўллаши натижасида ёхуд қонунга амал қилмаслиги оқибатида ходимларга тўланиши лозим бўлган компенсацион тўловлар ва кафолатларни тўламаслиги оқибатида ходимларнинг ҳуқуқлари бузилиш холатларини кўриш мумкин.
Компенсация – ходимларга меҳнат ёки бошқа назарда тутилган харажатларнинг бажарилиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида белгиланган пул тўловидир.
Демак, ходим ўзининг меҳнат ҳуқуқи ва мажбуриятини амалга ошириши жараёнида зарар кўрадиган бўлса, ёки бошқа тарзда унинг меҳнат қилиши билан боғлиқ ҳуқуқлари чекланадиган бўлса, унга компенсация тарзидаги пул тўловлари тўланади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ходимларга компенсациялар қачон ва қайси ҳолларда берилиши назарда тутилган. Кўпгина холларда ходимга зарар етганда ёки у иш берувчи учун бирор бир ҳаражат қилганда унга компенсация тўланади. Шунингдек, ходимга ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича ишдан бўшатишда ишдан бўшатиш нафақаси ёки ишга жойлашиш жараёнида иш ҳақининг сақланиши каби компенсация тўланиши лозим.
Компенсация пул воситасида амалга оширилади ва уни тўлашга иш берувчи қонун ҳужжатларига биноан мажбур бўлади.
Юқоридагилардан хулоса қилган холда миллий меҳнат қонунчилигимизда кафолат ва компенсация алоҳида институт сифатида ўз ифодасини топиши билан бирга уларнинг тушунчалари ҳам берилишини тақозо этади.
Ф. ТУРСУНМУРОДОВ,
туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.