иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларни тартибга солади
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туман Адлия бўлимига фуқароларимиздан меҳнатга оид муносабатлар бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушди.
Мазкур мурожаатларни ўрганиш жараёнида иш берувчи ва фуқаро ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси ҳамда ишга қабул қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш, шунингдек бошқа доимий ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруқларнинг мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Бу борадаги камчиликлар, хусусан туман мактабгача таълим бўлимига қарашли мактабгача таълим муассасалари ва туман халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларида учраётганлиги ачинарли ҳолатдир.
Алоҳида қайд этиш керакки, ҳатто ходимни ишга қабул қилишда меҳнат шартномаси тузилмаган. Буни ташкилот, корхона ёки муассаса раҳбаридан сўрасангиз, ишга яқинда ўтганлиги, бу хатолар ўзидан олдинги раҳбарларнинг хатоси эканлигини таъкидлашади. Бу эса ўз навбатида турли муаммоларни келтириб чиқаришига сабаб бўлмоқда.
Хўш, меҳнат шартномаси нима? У ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 72-моддаси).
Меҳнат шартномасини тузиш юзасидан тавсиялар ва унинг намунавий шаклдаги бланкаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
1997 йил 11 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида илова қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддаси 1-қисмида “Ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади” деб кўрсатилган.
Азиз фуқаролар, ишга кираётган вақтингизда иш берувчидан меҳнат шартномасини тузишни, меҳнат дафтарчаси юритишни ва тегишли буйруқ билан расмийлаштиришни талаб қилинг. Шунда сизнинг меҳнат ҳуқуқларингиз кафолатланади. Сиз билан тузилган меҳнат шартномасида шартнома муддати, иш вақти, иш ҳақи, меҳнат таътиллари ва бошқа яратилган меҳнат шароитлари аниқ акс эттирилган бўлиши лозим.
У.АРТИКОВ,
туман Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.