Тилимизнинг қадр-қимматини, мавқейини ошириш йўлидаги ўзгаришларга қарамасдан, ҳали-ҳануз жамиятимизнинг баъзи бир ғарблашган ва ғариблашган аъзоларининг фарзандлари рус синфларда ўқиб, рус тилини ўрганса, келажакда қийналмас эмиш. Замонавий тилда айтганда, “культурний” одам бўлармиш.
Тўғри, кўптиллилик ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан бири. Ҳаттоки, машҳур шоиримиз Aваз Ўтар ҳам бошқа тилларни ўрганиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтган. Лекин масаланинг бошқа тарафи шуки, аввал она тилини мукаммал билмай туриб, ўзга тилни ўрганиш нечоғли ўринли? Кўпчилик ўзига тўқ оилаларда боласини рус синфда ўқитади. Баъзи ота-оналар: “Менинг болам рус, инглиз тилларида бемалол гаплашади”, деб кўкрак керади. “Чунки кичиклигидан унга уйда русча гапирардик, тили русчада чиқди”, деб фахрланади. Лекин билмайдики, бу билан боладаги миллий ғурур, Ватанга, киндик қони томган заминга бўлган муҳаббатига болта ураётганини.
Ота-оналарнинг бундай фикрлашига асослар йўқ эмас. Ҳаммамизга сир эмаски, бирор юқори ташкилотга ишга киришда авваламбор рус ва инглиз тилини билиш даражаси сўралади. Алам қиладигани, нега мамлакатимизда яшаётган, шу жамиятдан нон-туз еяётган бошқа миллат вакилларидан ўзбек тилини билиш даражаси сўралмайди? Нега кўча-кўйда дейлик, рус миллатига мансуб кишини учратиб қолсангиз, у ўзбек тилида гапиришга ҳаракат қилмайди? Нега биз унга фикримизни қийналиб бўлса-да, рус тилида тушунтиришимиз керак? Унинг олдида рус тилини билмаганимиздан юзимиз қизариши керакми? Нега улар Ўзбекистонда яшаб туриб ўзбек тилини билмаслигидан уялмайдилар? Мана шу энг оғриқли, кишини юрагини ўртайдиган нарса.
Яқинда бир танишим иш излаб пойтахтдаги таълим масканларидан бирига борди. Ундан рус тилини билиш даражаси сўралибди. Рус тилини яхши билмаса, ишга олмасмиш.
Биз билан Aфғонистондан келган талабалар таҳсил олади. Рости, Ўзбекистонда яшаб туриб ўзбек тилида улардек гапиролмаслигимдан уялиб кетдим. Биринчи бор афғон курсдошларимга ҳавасим келди. Қанча талофатлару, қанча қирғинбаротлардан сўнг ҳам тилини соф ҳолда сақлаб қолганидан очиғи, ҳайратландим. Улар биз ишлатадиган ҳар бир хорижий сўзни соф ўзбекча атамалар билан гапирадики, ҳавасинг келади киши. Биз, ўзбек, Ўзбекистон фуқароси. Улар ҳам ўзбек, Aфғонистон фуқароси. Фарқ шунда. Улар ҳазрат Навоий тилини асллигича сақлаб қолиш илинжида. Биз-чи? Тилимизни ёт унсурлар билан булғаш илинжида. “Сизларда лотин ёзувининг ишлатилиши қонун билан белгиланган экан. Лекин ҳужжат ишларида русларнинг ёзувидан фойдаланар экансизлар”, дейишса, сўз тополмай уялдим. Ҳатто, қонунда белгиланган ёзувга ҳам 25 йилдан бери тўлиқ ўтолмабмиз. Мана миллий тилимиз ва ёзувимизнинг аҳволи.
Тўғри, юқорида айтганимиздек глобаллашув жараёнида, дунё шиддат билан ўзгараётган вақтда тилимизни янги хорижий сўзлардан сақлаб қолиш амри маҳол. Ўзгариш бор жойда ривожланиш бўлиши табиий ҳол, албатта. Aммо ўзимизда йўқ сўзларни ишлатайлик-да. Қачонгача музқаймоқни “мороженое” деймиз?
Энди буларни бартараф қилиш, тилимизни бойитиш, дунё миқёсида жаранглатиш нафақат биз филологларнинг, балки жамиятнинг ҳар бир аъзосининг бурчидир. Бунинг учун бир қанча ишларни амалга оширишимиз керак.
Хўш, нималар қилишимиз керак?
- Биринчи навбатда, дарсликларни қайта кўриб чиқиш;
- она тилини мактабларда бўлиб ўқитиш;
- олий таълимга киришда имло саводхонлигини ҳисобга олиш;
- ижтимоий тармоқларда ўзбекча маълумотлар, илмий, амалий, ўқув қўлланмаларининг сонини кенгайтириш;
- юртимизда яшаётган бошқа миллат вакилларининг ҳам ўзбек тилига қизиқишини уйғотиш;
- давлат ташкилотларига ишга кираётганда ёзма саводхонликни синовдан ўтказиш;
- оммавий ахборот воситалари, хусусан, телевидениеда фақат ўзбек адабий тилида гапирилишини таъминлаш (ҳозир ҳамма кўнгилочар кўрсатувлар "воттилаб эфирга кетвотти")
- кўчаларда ёзилган номлар, хорижий ном билан аталган хизмат кўрсатиш масканлари (баъзида кўчада юрсам ўзимни Европада юргандек ҳис қиламан);
- рекламалардаги хато ёзилган сўзлар учун жарима жорий қилиш.
Буларни амалга ошириш ҳар биримизнинг миллий бурчимиздир. Шундагина тилимиз ўз қадр-қимматини сақлайди ва кейинги авлодларга асл гўзаллигини сақлаган ҳолда етиб боради.
Дилдора НОРҚЎЗИЕВА,
Самарқанд шаҳридаги 19-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.