Ҳозирги кунда юртимизда хорижий тилларни ўрганишга бўлган талаб кун сайин ошиб бормоқда. Рус тили, инглиз тили, немис тили шулар жумласидандир. Рус тили дунё миқёсида халқаро тил бўлганлиги учун ҳам ўз мавқеига эга, албатта. Ноябрь туманимиздаги барча таълим даргоҳларида рус тили ва адабиёти фани ойлиги сифатида кенг нишонланди.
Туман халқ таълими бўлимига қарашли 46-умумий ўрта таълим мактаби рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Шахноза Истамқулованинг “Биз рус тилини ўрганамиз!” мавзусидаги очиқ дарси янги инновацион усулларни қўллаган ҳолда ташкил этилди.
Умуман ойлик давомида мактабда синфлараро иншолар, ким кўп рус тилида шеър билади, рус тилида матн тузиш, рус халқининг анъаналари ва табиати туширилган расмлар чизиш каби танловлар ўтказилди. Шунингдек, А.С.Пушкин ҳаёти билан боғлиқ бўлган сўзларни топиш, “Ким фарзанди билан кўпроқ рус тилида гаплашади?”, “Рус тилини ким қандай билади?” мавзусидаги танловлар ота-оналар ўртасида ҳам ўтказилди.
Тўғриси мактабда фаоллар залининг йўқлиги очиқ дарсни ташқарида ўтказишга тўғри келди. Ҳавонинг совуқлиги, бунинг устига ўқувчиларнинг юпқа кийинганлиги бироз ноқулайлик туғдирган бўлсада, тайёргарлик жуда юқори даражада ташкил этилди.
Тадбирда деярли барча синф ўқувчилари иштирок этишди. Ҳаттоки уларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилди. Қизиқарли ташкил этилган очиқ дарсда ўқувчилар томонидан рус адибларининг асарларидан парчалар ўқиб берилди, “Қизил қалпоқча” эртаги театрлаштирилган ҳолда намойиш этилди. Шунингдек, ўқувчилар рус тилида қўшиқлар айтиб, рақсга тушишди.
-Мактабимизда ўқувчиларнинг интелектуал салоҳиятини ошириш, рус тили фанига қизиқтириш мақсадида турли тадбирлар ташкил этиб келаман, - дейди Шахноза Истамқулова, - Бугун оддий дарс билан ўқувчини фанга қизиқтириб бўлмайди. Мақсадим ўқувчиларнинг рус тилига бўлган билимини ошириш ва уларга ушбу фаннинг сир-асрорларини ўргатишдир. Бу борада ота-оналар билан ҳам ўзларининг кўмакларини бермоқда.
-Мактабимиздаги ҳар бир фан ўқитувчисининг очиқ дарсларини кузатаман, - дейди мактаб директори Н.Эсанов, -Шахноза ўзининг фанига ота-оналарни ҳам жалб этгани ўзининг ижобий натижаси бермоқда. Ўқувчилар орасида ушбу фанга қизиқиш бирмунча ошганининг гувоҳи бўлаяпмиз.
Тадбирда фаол иштирок этган ўқувчилардан Аббос Илҳомов, Дурдона Кенжаева, Муҳаббат Нуруллаева, Саврон Пардабоев, Холида Эсонова, Элдор Абдумуродов, Райҳон Сайдуллаева ҳамда Севинч Нуруллаева каби ўқувчилар мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, фаол ота-оналар Шахноза Истамқулова томонидан рағбатлантирилди.
Д.ҲАСАНОВА.