Муҳтарам юртбошимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилашда муҳим қадам бўлди.
Фармоннинг давлат фуқаролик хизматида аҳамиятли томони шундаки 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланиши ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этиладиган бўлди.
Бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» тамойили асосида иш юритилаётган бир пайтда бу давр талаби замон талабидир. Чунки аҳоли муаммолари билан ишлашда, халқ билан мулоқот қилишда давлат тилини билиш муҳим аҳамиятга эга.
Яқин тарихимизга назар соладиган бўлсак, бундан 31 йил аввал «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган эди. Ўтган йиллар давомида бу қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жорий йилда «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида» қонун қабул қилиниб, унга кўра, ушбу байрам ҳар йили 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сифатида нишонланадиган бўлди.
Халқаро тажрибага назар соладиган бўлсак, турли давлатларда, масалан Хитой 20 апрель, Испанияда 23 апрель, Россияда 6 июнь, Озарбайжонда 1 август, Туркияда 26 сентябрь, Италияда 9 декабрь, Арабистонда 18 декабрь санаси тили куни сифатида нишонланади.
Тўғри, дунёда тиллар кўп, айрим манбаларда таъкидланишича, жаҳон халқлари 7 000 га яқин тилда мулоқот қилишади.
Бугунги кунда асосан олтита жаҳон тили сўзлашувчиларининг кўплиги жиҳатидан бошқа тилларга қараганда ер шари аҳолиси ўртасида устунлик қилмоқда.
Сабаби, ушбу тилларда гаплашувчи давлатлар иқтисодиёт, илм-фан, техника ривожи борасида бошқа мамлакатларга қараганда бир мунча олдинлаб кетди. Шу боис, мазкур тилларни ўрганишга бўлган қизиқиш юқори назаримда.
Чет тилларини ўрганиш ҳақида буюк немис адиби Иоганн Волфганг Гёте: «Кимки ўзга тилларни билмаса, ўз тилини ҳам яхши тушунмайди»,-деб ёзган эди.
Ахир, илм-фанда, санъат ва адабиётда, тил ўрганишда, ақл-заковатда ота-боболаримиз дунё халқларининг пешқадамларидан, энг олдинда турган эътиборли вакилларидан саналган.
Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илк марта ўзбек тилида нутқ сўзлагани ҳам миллат тилига бўлган юксак эътироф ва эҳтиромдир.
Юртбошимиз ушбу тарихий нутқи орқали она тилимизни нақадар жозибали оҳангдор эканлигини бутун дунёга намоён этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида дунёдаги ва минтақадаги муаммолар хусусида Ўзбекистоннинг сиёсий ёндашувини аниқ ва теран ёритиб берди.
Тилга эътиборли бўлиш, тилни ҳурмат қилиш бу халқини ҳурмат қилиш, унга бўлган муҳаббатини билдиради. Яна бир бор юртбошимиз ўз халқига бўлган меҳр-муҳаббатини намоён этди. Бу муҳаббат она тилга, аёлга, Ватанга бўлган муҳаббатдир.
Дарҳақиқат, тил - миллат кўзгуси. Бутун дунё она тилимизнинг жозибасини, латофатини, оҳангини эшитди. Давлатимиз мустақилликка эришганидан буён ушбу нуфузли халқаро минбарда биринчи марта она тилимиз бўй кўрсатди.
Зотан, xалқнинг ўз тилига бўлган эътибори унинг ўзига бўлган эътиборини бeлгилайди. Аxир, буюк мутафаккир бобомиз, ҳазрат Алишер Навоий: «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» -дeб бeжиз айтмаганлар.
Ўзбек миллий маданиятининг жонкуяри, буюк маърифатпарвар фидойиси Aбдулла Aвлоний «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак, миллатнинг руҳини йўқотмакдур», деган сўзлари нақадар ҳақиқатлиги бугун барчамиз бирдек англаб турибмиз.
Чиндан тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқеи кундан-кун ошиб бормоқда. Дунё миқёсида ўзбек тилида гаплашувчиларнинг умумий сони 50 миллионга етади. Википедия маълумотларига қарайдиган бўлсак, бугун ўзбек тилида сўзлашувчилар сони бўйича дунёда 27-ўринда турибди. Агар дунёда 7000 га яқин тил ва лаҳжа мавжудлигини эътиборга олсак, бу албатта яхши кўрсаткич.
Ўзбек тили дунёда давлат тили мақомига эга бўлган 100 та тиллардан биридир. Ҳолбуки, дунёда бундай юксак мақомга эга бўлмаган, аммо юз миллионлаб кишилар сўзлашадиган тиллар ҳам мавжуд.
Эътиборлиси, ўзбек тили қўшни давлатларда ҳам муомаладаги асосий тиллардан бири саналади. Хусусан, қўшни Тожикистон ҳамда Қирғизистон Республикаларида ўзбеклар нуфузига кўра титул миллат вакилларидан кейинги ўринларда туришади. Афғонистон Ислом Республикасида эса ўзбек тили пушту ва дарий тилларидан кейинги учинчи расмий тил саналади.
Қўшни мамлакатлар ҳамда Туркия, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон сингари давлатларнинг олий ўқув юртларида ёшларга ўзбек тили алоҳида фан сифатида ўргатилиши тилимиз дунё ахборот маконида ҳам ўз мавқеига эга бўлаётганлигидан далолатдир.
Халқаро жаҳон ареналарига кириб бораётган миллий спортимиз ўзбек кураши воситасида «чала», «ёнбош», «ғирром», «ҳалол» сингари ўзбекона атамалар дунёнинг турли бурчакларида янграмоқда.
Дарҳақиқат, ўз она тилимиз ҳисобланмиш ўзбек тилини мукаммал билиш билан чегараланиб қолмасдан, ўтмиш аждодларимиздан ўрнак олиб, жаҳондаги бошқа тилларни ҳам изчил ўрганишимиз, илм-фан, техника соҳаларида дунё халқлари эришган улкан муваффақиятларни ўрганиб, улардан ўзбек халқининг равнақи, мамлакатимиз тараққиёти йўлида унумли фойдаланишимиз зарур.
Она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшиш ҳар биримиздан она тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишни талаб этади.
Маълумки, ҳар қандай халқнинг тарихи, ўзига хос табиати, қадриятлари, аввало, ўша халқнинг она тилида акс этади. Бежиз тилни миллатнинг маънавий иммунитети деб баҳоламаганлар. Боиси, ўз тилини асраб-авайлаган, уни замонлар оша ривожлантира олган миллатгина ўзлигини, миллий қиёфасини сақлаб қолади.
Бинобарин, миллатимизнинг бебаҳо бойлиги, ҳурлигимиз тимсолларидан бири бўлган давлат тилини бузиб қўллашга, тилимиздаги иборалар маъносини англамасдан, уларни кўр-кўрона ишлатишга ҳаққимиз йўқлигини доимо ёдда тутишимиз зарур.
Аброр Латипов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш